Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ихтиёрий равишда легаллаштириш ва амнистия қилиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда 20 июнь куни давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Economist.kg нашрининг қайд этишича, қонун 9 июндан кучга кирган, бу солиқ хизматининг солиқ имтиёзлари учун ариза бериш муддатлари ҳақидаги хабаридан маълум бўлди. Унда айтилишича, «Қирғизистон Республикаси фуқаролари 24 июлга қадар ўтган йиллар учун тақдим этилган солиқ декларацияси асосида ижтимоий ёки мулкий чегирма олиш учун ариза бериш ҳуқуқига эга. Бу муддат Қирғизистон Республикасининг 2023 йил 9 июнда кучга кирган «Жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ихтиёрий равишда легаллаштириш ва амнистия қилиш тўғрисида»ги қонунининг қабул қилиниши муносабати билан белгиланди.
Нашрнинг аниқлашича, қонун матни 9 июн куни «Эркин-Тоо» давлат газетасида эълон қилинган ва 6 июнь куни Жапаров томонидан имзоланган. Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти) қонунни 4 май куни қабул қилган.
Қонунда қайд этилишича, унинг мақсади жисмоний шахсларнинг мол-мулки ва даромадларини қонуний иқтисодий муомалага жалб этишдан иборат:
👉 мол-мулкни, шу жумладан, бошқа шахсларга номинал рўйхатга олинган ва/ёки республикадан ташқарида жойлашган мол-мулкни декларациялаш вақтида ихтиёрий декларациялаш йўли билан қонунийлаштиришнинг самарали ҳуқуқий механизмини яратиш;
👉 Қирғизистон иқтисодиётига ички ва хорижий сармоялар киришини кўпайтириш;
👉 хуфиёна иқтисодиёт улушини камайтириш;
👉 активларнинг сақланишини таъминлаш ва уларнинг эгаларини ушбу қонун қабул қилингунга қадар содир бўлиши мумкин бўлган қонун талабларини бузганлик учун давлат органлари томонидан жавобгарликка тортилишидан ҳимоя қилиш.
❗️ Ҳужжат муомаласи чекланган ёки мамлакат қонунчилигига мувофиқ муомаладан чиқарилган мол-мулкларга, уларни ҳибсга олиш ва мусодара қилиш ёки бошқа шахсга ўтказиш тўғрисида қонуний кучга кирган суд қарори мавжуд бўлган мол-мулкка, шунингдек, жиноий ва фуқаролик судловининг қонун ҳужжатларига мувофиқ муомаладан чиқарилган мол-мулкига нисбатан татбиқ этилмайди.
ℹ️ «Жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ихтиёрий равишда легаллаштириш ва амнистия қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Президент маъмурияти томонидан 2022 йил март ойида ишлаб чиқилган. «Адилет» юридик клиникаси ҳуқуқшунослари лойиҳани таҳлил қилиб, «аслида киритилган таклифлар шахсга қарши содир этилган барча жиноятлардан, ҳар қандай ҳуқуқбузарлик, бандитизм, одам савдоси ва ноқонуний меҳнат эксплуатациясидан фойда олишга ундайди», деган хулосага келган.
Ҳуқуқшунослар мазкур қонун лойиҳаси Қирғизистон Конституциясига, республика иштирок этган халқаро шартнома ва ҳужжатларга, шунингдек коррупцияга қарши курашиш ва унга барҳам бериш бўйича давлат стратегиясига зид эканлигини таъкидлайдилар.
Садир Жапаров ўтган йилнинг июнь ойида қонун лойиҳаси бўйича билдирилган танқидларга муносабат билдирган эди.
«Мамлакатда 200 дан ортиқ бадавлат инсонлар – миллионерлар ва миллиардерлар бор. Лекин улар чет эл банкларида пул сақлайдилар, бошқа мамлакатларда миллионлаб, миллиардлаб долларлик завод ва фабрикалар қурадилар. Октябрь воқеаларидан кейин имкон қадар бюджетга 100 миллион долларгача маблағни қайтаришларига эришолдик. Шунга қарамай, чет элда яширинган пуллар бор. Қонуннинг мақсади бу пулларни қонунийлаштириш ва Қирғизистон банкларида сақлашдир. Банклар фойда кўради. Ҳудудимизда завод ва фабрикалар қурилса, иш ўринлари пайдо бўлади. Солиқлар бизга тўланади. Бу қонуннинг бутун мақсади ҳам мана шунда. Бу бойлар орасида уларни қўллаб-қувватлайдиган дўстларим ва қариндошларим йўқ», — дея президентнинг сўзларини келтиради Sputnik.kg.