Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ходими одам ўғирлашда гумонланиб ҳибсга олинди

Исмоил Раҳмонов (чапда) ва Акмал Юсуфзода. «Озоди» сайтидан коллаж

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғининг ёрдамчиси Акмал Юсуфзода одам ўғирлашда гумонланиб қўлга олинган. Бу ҳақда «Озоди» (Россия Федерациясида хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг тожик хизмати) мамлакатдаги манбаларига таяниб хабар беради.

Тожикистон давлат савдо университетининг 38 ёшли ўқитувчиси Исмоил Раҳмонов 12 июнь куни бедарак йўқолган, дейди манба. Ўша олийгоҳда унинг хотини ва Акмал Юсуфзода рафиқаси ишлашган. Куни кеча аёллар ўртасида низо келиб чиққан ва ИИВ ходими Раҳмоновни суҳбатга чақирган.

«12 июнь куни кечки пайт у (Юсуфзода) Исмоил Раҳмоновни мажбуран машинага ўтқазиб, номаълум томонга олиб кетган. Университет ўқитувчисининг қаердалиги, тирикми-йўқми, номаълум», — дейди Озодига манбалардан бири.

Радиостанция муҳаррирларига икки киши Раҳмоновни ерда судраб кетишаётгани акс этган видеоёзув келиб тушган. Кадрларга кўра, воқеа кечаси пойтахтнинг «1-Советский» микрорайонида содир бўлган, у ерда Раҳмоновнинг синглиси истиқомат қилган, ғойиб бўлгунга қадар университет ўқитувчиси синглисиникида бўлган.

«Озоди»нинг тергов органларидаги манбасига кўра, «суриштирув чоғида Акмал Юсуфзода Исмоил Раҳмоновни Варзоб дарасига олиб боргани ва қўйиб юборганини айтган, аммо бунга ишониш қийин».

Айни пайтда Раҳмоновнинг яқинлари унинг жасадини Зарафшон дарёси бўйидан қидиришмоқда.

Юсуфзода Тожикистон Бош прокуратураси ходимлари томонидан қўлга олинган. Назорат органи ва Ички ишлар вазирлиги амалдорнинг ҳибсга олинишига изоҳ бермаяпти.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ