Навоий вилоятида ноқонуний фаолият юритаётган майнинг фермаси қарийб 10 миллиард сўмлик электр энергиясини ўғирлаган

cryptocurrency.tech сайти фотосурати

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида, Бухоро вилояти билан чегарадош ҳудудда ҳар икки вилоят Давлат хавфсизлик хизмати бошқармалари ходимлари ноқонуний майнинг ферма фаолиятига чек қўйишди. Унинг раҳбарлари электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун (Ўзбекистон Жиноят кодексининг 185-2-моддаси) жавобгарликка тортилди, деб хабар беради ЎзА.

Корхонада криптовалюта ишлаб чиқариш учун 195 дона майнинг қурилмалари ўрнатилиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш натижасида давлатга 9 млрд. 661 млн. 402 минг сўмлик зарар келтирилгани аниқланган.

Сўнгги пайтларда Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда ноқонуний криптовалюта ишлаб чиқариш бўйича бир қанча фактларни маълум қилди. 10 июнь куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи фуқаро ўз хонадонида майнинг фермасини ташкил қилгани маълум бўлган. Инспекторларнинг маълумотларига кўра, тўланмаган электр энергияси кўринишидаги зарар 77 миллион сўмдан ортиқ (6,7 минг доллар) маблағни ташкил этган. Пойтахтлик фуқаронинг фаолиятига оид барча маълумотлар ҳуқуқ-тартибот идораларига топширилди, дея қўшимча қилади вазирлик.

Бир неча кундан кейин Тошкент вилоятида криптовалюта фермаси аниқланган. Мулк эгаси ўз уйида саккизта криптовалюта ишлаб чиқариш ускунасини ўрнатган. Электр энергиясини ўғирлаш 342 миллион сўмдан (29,8 минг доллар) ошган. Мазкур тадбиркорга нисбатан республика Жиноят кодексининг 185-2-моддаси билан иш очилган.

2022 йил май ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев криптоактивлар билан шуғулланувчи корхоналар фаолияти тартибга солувчи қарорни тасдиқлаганди. Ушбу соҳани назорат қилиш бозор иштирокчиларига тегишли лицензиялар берадиган Илғор лойиҳалар бўйича миллий агентликка топширилди.

Бундан ташқари, умумий фойдаланишдаги электр тармоғидан фойдаланаётган майнерлар тарифни икки баравар кўп, ноқонуний уланган бўлса, беш баравар кўп тўлашига тўғри келади. Фермер эгалари ҳар ойда республика бюджетига ўнта базавий ҳисоблаш миқдорига тенг – 3,3 миллион сўм (287 доллар) суммани тўлашлари керак бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ