Россия Ўзбекистонга йилига 2,8 миллиард куб метр газ етказиб беради. Бу ҳақда UzGasTrade ва «Газпром Экспорт» ўртасида тузилган газ олди-сотди шартномасида айтилган, деб хабар беради Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.
Ҳужжат 16 июнь куни Энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов ва «Газпром» бошқаруви раиси Алексей Миллер томонидан ишончнома асосида имзоланган.
Шартнома муддати икки йил. Россия газини импорт қилиш жорий йилнинг 1 октябридан бошланади, Ўзбекистон кунига 9 миллион кубометр газ олади.
Энергетика вазирлиги шартнома тўлиқ тижорат шартлари асосида ишлаб чиқилганини таъкидлайди.
«Бу республикамизда истеъмолчиларнинг йил сайин ортиб бораётган табиий газга бўлган талабини қисман қондириш ва куз-қиш мавсумини муваффақиятли ўтказишга қаратилган чора-тадбирлардан биридир», — дейилади вазирлик хабарида.
Россия газининг нархи аниқланмаган. Энергетика вазирлиги фақатгина минтақадаги бозор нархлари, Ўзбекистонда газ нархи ва республика ҳокимият органларининг бозор тамойиллари асосида нархларни белгилаш тартибини ислоҳ қилиш режалари асосида келишилганини таъкидлайди.
Вазирликка кўра,, «йўл харитаси»да Ўзбекистон газ узатиш тизимини таъмирлаш ва модернизация қилиш бўйича ишлар кўзда тутилган. Сентябрь ойига қадар учта газ насос агрегатини алмаштириш, 11 турдаги газ насос қурилмаларини тўлиқ таъмирлаш ва тиклаш, 22 километр янги магистрал газ қувурларини қуриш, 56 километр газ қувурларини таъмирлаш режалаштирилган.
ℹ️ Россиянинг Ўзбекистонга газни Қозоғистон орқали транзит қилиш режаси 2022 йил ноябрь ойи охирида маълум бўлган эди. Кейин Владимир Путин юқорида тилга олинган республикалар билан «уч томонлама газ иттифоқи» тузишни таклиф қилганди. Кейинроқ Россия расмийлари Тошкентга Ўзбекистоннинг газ узатиш тизимини «Газпром»га сотишни ва унга Хитойга газ экспорт қилиш ҳуқуқини беришни таклиф қилгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Томонларнинг газ соҳасида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси» имзолаши ҳавотирни янада кучайтирганди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги мазкур ҳужжат фақат ички бозорга табиий газни зарур ҳажмларда етказиб беришни кўзда тутиши, мамлакат газ транспорти тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаб қолишини таъкидлаганди. Москва томони газ иттифоқи ғояси ҳеч қандай сиёсий шартларни назарда тутмаслигини эътироф этганди.
Апрель ойида Жўрабек Мирзамаҳмудов Россия газини «Марказий Осиё – Марказ» газ қувури орқали етказиб бериш режалаштирилаётганини маълум қилган эди.