Президент Шавкат Мирзиёевнинг 18 июнь куни Теҳронга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Эрон қўшма эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш тўғрисида меморандум имзоланди ва икки давлат пойтахтлари ўртасида мунтазам авиақатновлар сонини кўпайтиришга келишиб олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар беради.
Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳамид Наирободийнинг сўзларига кўра, 2022 йили икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 436 миллион долларга етган.
«Аммо бу кўрсаткич мавжуд иқтисодий салоҳиятга мос келмайди. Шунга кўра, режалаштирилган биринчи қадам – икки давлат ўртасидаги йиллик товар айирбошлаш ҳажмини яқин келажакда 2 миллиард еврога етказишдир», — деди элчи.
Мирзиёевнинг ташрифи арафасида бизнес-форум бўлиб ўтди, унда Ўзбекистон ва Эрондан 200 дан ортиқ тадбиркорлар иштирок этди. 18 июнь куни Тошкентда Эрон инновациялар ва технологиялар уйи (IHITT) очилди, у Эроннинг фан ва технологиялар бўйича вице-президентининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳам бўлади. IHITTда Эрон компанияларининг инновацион технологиялари, маҳсулотлари ва хизматлари доимий кўргазмаси ташкил этилди.
Шавкат Мирзиёев Теҳронда Эроннинг юқори технологиялар ва инновациялар, машинасозлик, тиббий асбоб-ускуналар, фармацевтика, замонавий қурилиш материаллари, тўқимачилик саноати каби йирик илмий-ишлаб чиқариш компаниялари маҳсулотлари намойиш этилган ихтисослаштирилган кўргазмани бориб кўрди.
Ўзбекистон Президенти компаниялар раҳбарлари билан суҳбатлашди, янги технологиялар тақдимотлари билан танишди. Президент кўргазмага ташриф якунлари бўйича масъулларга юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш, Ўзбекистонда Эрон технологиялари ва инновацион ечимларини жорий этиш бўйича тажриба лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиш бўйича топшириқлар берди.
Теҳрон шаҳридаги «Саадобод» мажмуасининг «Жумҳури» саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисийнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда томонлар қуйидаги мавзуларга эътибор қаратдилар:
👉 Марказий Осиёни Эрон билан боғловчи энг қисқа транспорт-логистика йўлакларидан фойдаланиш;
👉 Энергетика, кимё саноати, фармацевтика ва тиббиёт технологиялари, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, саноат қурилиш материаллари, машинасозлик, ускунасозлик ва электротехника тармоқларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;
👉 Аграр йўналишда иссиқхоналар ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ускуналарини ишлаб чиқариш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, боғдорчилик ва балиқчиликда, қурғоқчиликка чидамли экин турларини селекция қилишда тажриба алмашиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш;
👉 Бухоро вилояти ва Ҳамадон устони, Самарқанд ва Исфахон шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш;
👉 маданий, илмий-инновация соҳаларида тажрибалар алмашиш;
👉 Халқаро терроризм, наркотрафик, кибертеррорчилик, одам савдоси каби глобал хавф ва таҳдидларга қарши курашишда томонларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш.
👉 Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш ва бошқа мавзулар муҳокама қилинди.
Мирзиёевнинг Эронга ташрифи якунлари бўйича икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қўшма баёнот ҳамда ҳукуматлар, идоралар ва вилоятлар даражасида 15 та ҳужжат имзоланди. Улар орасида:
▶️ Ҳукуматлар ўртасидаги имтиёзли савдо тўғрисидаги битим;
▶️ Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Эрон Миллий стандарт ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик дастури;
▶️ Технологиялар ва инновациялар соҳасида ҳамкорлик бўйича Ҳаракатлар режаси;
▶️ фармацевтика, транспорт ва транзит соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар;
▶️ Спорт соҳасида ҳамкорлик ва бошқа ҳужжатлар жой олган.
Музокаралар якунида давлат раҳбарлари бир қатор қўшма “йўл харита”ларини тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали амалга ошириш механизмларини жорий қилиш бўйича топшириқ бердилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев расмий ташриф доирасида Эрон Ислом Республикаси Олий диний раҳбари оятуллоҳ Сайид Али Хоманеий билан учрашди. «Дўстона суҳбатда томонлар икки томонлама алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб, Ўзбекистон билан Эрон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида режалаштирилган чора-тадбирларни муҳокама қилдилар. Кўп асрлар давомида халқларимизни маданий-тарихий муштараклик боғлаб тургани алоҳида қайд этилди», — дейилади Мирзиёев матбуот хизмати хабарида.