Банкда одамларни гаровга олган қозоғистонлик 12 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин

Kaspi Bank атрофини ўраб олиш. tengrinews.kz сайти фотосурати

Полиция 18 июнь куни Остона шаҳрининг Дўстлик кўчасида жойлашган Kaspi Bank филиалининг етти нафар ходимини гаровга олган Алихон Муродовга нисбатан Қозоғистон Жиноят кодексининг 261-моддаси («гаровга олиш») бўйича судга қадар тергов ишларини бошлади. Қўлга олинган шахс етти йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин, дея таъкидлайди республика Ички ишлар вазирлиги.

Вазирлик маълумотларига кўра, 18 июнь куни соат 13:51 да номаълум шахс банк филиалига бостириб кирган ва

тўппончага ўхшаш нарса билан таҳдид қилиб, етти кишини гаровга олган.

Воқеа жойига полиция, шаҳар ҳокимияти, прокуратура ходимлари етиб келган. Музокараларни республика Ички ишлар вазири Марат Аҳметжанов олиб борган. Унинг сўзларига кўра, эркак турли талабларни илгари сурган, жумладан қариндошларига ёрдам бериш ҳақида гапирган. Шу билан бирга бир қизни ўлдириш билан қўрқитиб, қучоқлаб олган.

16:35 да Аҳметжанов ишғолни бошлаш бўйича буйруқ берган.

Махсус кучлар операцияни кўздан ёш оқизувчи газ ёрдамида амалга оширган. 30 ёшли эркак қўлга олинган, банк ходимлари озод этилган.

«Гаровга олинганлардан ҳеч кими ва босқинчи жабрланмаган», — дейилади Ички ишлар вазирлиги хабарида.

Кейинчалик оммавий ахборот воситаларида босқинчи эркак ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлди. Бу 1993 йили Жамбил вилоятида туғилган Алихон Муродов бўлиб чиқди. Қайд этилишича, у 2013 йилдан буён гиёҳванд сифатида рўйхатга олинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ