Қозоғистон ҳукумати АЭС қурилиши масаласини референдумга қўйиш фикридан қайтди

inform.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда атом электр станцияси (АЭС) қуриш масаласи референдумга қўйилмайди. Бу ҳақда 15 июнь куни Энергетика вазири ўринбосари Жандос Нурмаганбетов маълум қилди.

«Референдум бўлмайди, бу масала референдумга қўйилмайди. Муаммо унинг жойлашувида. Бу биринчи савол. Иккинчи савол ва энг муҳим савол – технология ва молиявий-иқтисодий модел – бу қандай таъсир қилади», — дея Нурмаганбетовнинг сўзларини келтиради КазТАГ.

«Росатом» бу вазиятда ўз босимини ўтказмаяптими, деган саволга вазир ўринбосари салбий жавоб берди.

«Ҳеч ким ўз босимини ўтказаётгани йўқ, барча компаниялар ҳамкорликка интилмоқда. Корея компанияси келди, яқинда улар билан катта музокаралар олиб борилди, ҳозир бу борада хитойликлардан таклифларни кутяпмиз», — деди Нурмаганбетов.

Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш масаласи бир неча йилдан бери муҳокама қилинмоқда, бироқ 2019 йилдан бери расмийларнинг бу борадаги риторикаси сезиларли даражада ўзгарган. Ўшанда Россия президенти Владимир Путин Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев билан музокаралар чоғида Қозоғистонда Россия технологияларидан фойдаланган ҳолда атом электр станциясини қуришни таклиф қилган эди. Тўқаев, ўз навбатида, мамлакат аҳолисининг кўпчилиги фикрини инобатга олмасдан туриб, атом электр станциясини қуриш тўғрисида қарор қабул қилинмаслигини айтганди. 2021 йил кузида Тўқаев тегишли идораларга бир йил ичида атом электр станциясини қуриш «имкониятини ўрганиш» бўйича кўрсатма берган ва кейинроқ бу мавзу бўйича «номақбул қарорлар» қабул қилинишига ваъда берган эди.

«Келажакга назар ташласак, биз атом электр станциясини қуриш бўйича табиатан номақбул қарорлар қабул қилишга мажбур бўламиз. Аммо, раҳбарнинг роли машҳур бўлмаган қарорларни қабул қилишда намоён бўлади. Албатта, фуқароларимизга хорижда, жумладан Россия Федерациясида замонавий технологиялар мавжуд экани ҳақида аниқ тушунтиришлар бериш керак. Чернобилдаги аянчли тажрибага асосланган ядро энергетикаси ҳақидаги эскирган ғоялар эса бу соҳада мавжуд технологияларнинг ривожланиш даражасига мос келмайди», — деганди Қозоғистон президенти.

2022 йил февралида Тўқаев Қозоғистонга атом энергетикасига жуда муҳтожлигини айтди.

«Мен нега масъул шахслар АЭС қурилиши ҳақидаги саволларга дипломатик йўл билан жавоб беришдан қочаётганини тушунмаяпман», — деганди президент қозоғистонликларга атом энергетикасининг аҳамиятини профессионал тарзда тушунтириш зарурлигини эълон қиларкан.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ