Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга Россия газини етказиб бериш 2023 йилнинг тўртинчи чорагида бошланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва «Газпром» компанияси матбуот хизматлари хабар берди.
Томонлар 16 июнь куни Санкт-Петербург Халқаро иқтисодий форумида Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома ва республика газ узатиш тизимини Россия газини қабул қилишга тайёрлаш бўйича «Йўл харитаси» имзоланди. Ҳужжатларни Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва «Газпром» бошқаруви раиси Алексей Миллер имзолади.
Шу куни «Газпром» Қозоғистон билан Россия газини Ўзбекистон истеъмолчилари учун республика ҳудуди орқали ташиш бўйича хизматлар кўрсатиш бўйича шартнома имзолади. Ҳужжатни Алексей Миллер ва QazaqGaz бошқаруви раиси Санжар Жаркешов имзоладилар.
Етказиб бериш ҳажми ҳақида хабар берилмаган.
ℹ️ Россиянинг Ўзбекистонга газни Қозоғистон орқали транзит қилиш режаси 2022 йил ноябрь ойи охирида маълум бўлган эди. Кейин Владимир Путин юқорида тилга олинган республикалар билан «уч томонлама газ иттифоқи» тузишни таклиф қилганди. Кейинроқ Россия расмийлари Тошкентга Ўзбекистоннинг газ узатиш тизимини «Газпром»га сотишни ва унга Хитойга газ экспорт қилиш ҳуқуқини беришни таклиф қилгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Томонларнинг газ соҳасида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси» имзолаши ҳавотирни янада кучайтирганди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги мазкур ҳужжат фақат ички бозорга табиий газни зарур ҳажмларда етказиб беришни кўзда тутиши, мамлакат газ транспорти тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаб қолишини таъкидлаганди. Москва томони газ иттифоқи ғояси ҳеч қандай сиёсий шартларни назарда тутмаслигини эътироф этганди.
Апрель ойида Жўрабек Мирзамаҳмудов Россия газини «Марказий Осиё – Марказ» газ қувури орқали етказиб бериш режалаштирилаётганини маълум қилган эди.