Қозоғистонда пуллик Катта Олмаота ҳалқа йўли очилди

kolesa.kz сайти фотосурати

16 июнь куни Қозоғистоннинг собиқ пойтахти яқинида қурилган Катта Олмаота ҳалқа йўлининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу тезюрар автомагистрални яратишга 743 миллион доллар сарфланди, деб ёзади Tengrinews.

Йўлнинг очилиш маросимида Олмаота шаҳри мэри Ерболат Дўсаев, Олмаота вилояти ҳокими Марат Султонгазиев ва республикаМмиллий иқтисодиёт вазири Алибек Куантиров иштирок этди.

Мутасаддилар ушбу лойиҳани йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидладилар, бу, вилоят раҳбарининг сўзларига кўра, Олмаота вилояти транспорт инфратузилмасидаги юкламани камайтириш, шунингдек аҳоли ва бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратиш имконини беради.

Ўз навбатида Дўсаев ҳалқа йўли очилишида бир қанча ижобий жиҳатларга ҳам тўхталиб ўтди.

«Олмаотанинг 2040 йилгача бўлган янги бош режаси доирасида Ҳалқа йўлга олиб борувчи олтита радиал йўл қурилиши давом этмоқда. Ҳалқа йўлнинг очилиши транзит транспорт воситаларининг Олмаота ҳудудига кириб келишининг олдини олиш ҳисобига йўллардаги тирбандликни ўртача 20 фоизга камайтиради. Бу ҳам шаҳарнинг экологик ҳолатини яхшилайди»,деди ҳоким.

Қайд этилишича, Ҳалқа йўл бўйлаб юриш пуллик бўлади. Нарх километрга эмас, лекин вақтга қараб ҳисобланади (гарчи бутун маршрутни 40 дақиқада босиб ўтиш мумкин бўлса ҳам):

🚙 241,5 тенге ($0,54) енгил автомобиллар учун;

🚚 Юк кўтариш қуввати 10 дан 15 тоннагача бўлган юк машиналари учун 1483,5 тенге (3,31 доллар).

Шу билан бирга, пуллик йўлга кириш ва чиқишда ҳеч қандай тўсиқ йўқ, видеокамералар автомобиллар ҳаракатини ёзиб олади. Миллий банк тизимлари орқали тўловни сафар олдидан, ўтаётганда автомобиль рақамини кўрсатган ҳолда ёки Ҳалқа йўли орқали юргандан кейин етти кун ичида амалга ошириш мумкин.

Магистрал йўлга туташ туманлар – Қорасой, Или ва Талгар аҳолиси учун имтиёзлар жорий этилиши режалаштирилган. Уларга ойлик ёки йиллик обуна берилади, уларни маҳаллий ҳокимият ёки ихтисослаштирилган давлат хизматлари марказларидан олиш мумкин.

Ҳалқа йўли А-1 техник тоифасига киради, бу тезюрар автомагистрал, бошқача айтганда, автобан ёки автомагистралдир. Беш йилдан ортиқ давом этган қурилиш тўрт ширкатдан иборат Туркия-Жанубий Корея консорциуми томонидан амалга оширилди. Шунингдек, улар автомобилчилардан пул йиғиб, кейинги 15 йил давомида йўлни бошқарадилар.

Лойиҳа қиймати 743 миллион долларни ташкил этади.

Инвесторлар Евроосиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки бўлиб, капиталнинг бир қисми автобанни қуришда иштирок этган консорциум ҳиссасига тўғри келади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ