Қозоғистоннинг Россиядаги элчиси Ермек Кошербаев Даниал Ахметов ўрнига Шарқий Қозоғистон вилояти раҳбари этиб тайинланди

Ермек Кошербаев. РФ ТИВ матбуот хизмати фотосурати

Ермек Кошербаев Қозоғистоннинг Россиядаги элчиси лавозимидан озод қилиниб, Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокими этиб тайинланди. Тегишли фармонни 16 июнь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев имзолаган.

Кошербаевдан аввал Шарқий Қозоғистон вилояти раҳбари лавозимида 2014 йилдан бери ишлаб келаётган Даниал Ахметов эди. Шу вақт ичида у уч марта — 2017, 2019 ва 2022 йиллари ҳоким лавозимига қайта тайинланган. 15 июнь куни Ахметов 69 ёшга тўлган, худди шу куни унинг Шарқий Қозоғистон вилояти раҳбари сифатидаги ваколати ҳам тугаган. 16 июнь куни Тўқаев уни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақидаги фармонни имзолади.

Informburo.kz хабарига кўра, ҳоким сайловида Шарқий Қозоғистон вилояти маслиҳат (кенгаш) депутатларига икки номзод: Эрмек Кошербаев ва шу вилоят ҳокими ўринбосари Дархан Сапанов таклиф қилинган. 117 нафар депутат Кошербаев, 36 нафари Сапанов номзодини қўллаб-қувватлаган.

ℹ️ Эрмек Кошербаев 1965 йил 2 майда Олма-Ота шаҳрида туғилган. Киров номидаги Қозоғистон давлат университетини тарих факультети, сўнгра СССР Ташқи ишлар вазирлиги Дипломатик академиясининг халқаро муносабатлар ва ташқи сиёсат факультетини тамомлаган. Ўтган йиллар давомида Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги, Президент девони, «КазТрансОил» ва «КазМунайГаз» компанияларида ишлаган, Шарқий Қозоғистон вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, «КазМунайГаз» компаниясининг масъул котиби лавозимларида ишлаган. 2018 йили Кошербаев ТИВга қайтарилиб, у ерда 2020 йилгача вазир ўринбосари бўлиб ишлаган, кейин Қозоғистоннинг Россиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ