Хоразмлик фермер 83 туп дарахтни кесгани учун икки йиллик озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди

Мутахассислар дарахтлар кесилгани ҳолатини қайд этмоқдалар. Ўзбекистон Экология вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Хоразм вилояти Қўшкўпир туман суди маҳаллий фермер хўжалиги раҳбарини 83 туп дарахтни ноқонуний кесганликда айбдор деб топиб, икки йилга озодликни чеклаш жазосига маҳкум қилди. Бу ҳақда Республика Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шундай қилиб, расмийлар 2022 йил декабрь ойида ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарга муносабат билдиришди. Унда айтилишича, Қўшкўпир ҳудудида 100 га яқин дарахт кесилган.

Экология вазирлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси ходимлари вазиятни ўрганиб, «Расулбек» фермер хўжалиги ҳудудидаги 83 туп ҳар хил турдаги дарахт нобуд бўлганини, яна учтаси энди ўсмай қоладиган даражада шикастланганини аниқлаган.

Мутахассислар баҳолашича, ўсимлик дунёсига етказилган зарар салкам 194 миллион сўмни (17 минг доллар) ташкил этган.

Кейинроқ Экология вазирлиги иш материалларини судга топширган, суд фермерни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми («Эккинларга, ўрмонларга, дарахтларга ва бошқаларга зарар етказиш ёки йўқ қилиш») бўйича айбдор деб топиб, унга нисбатан икки йиллик озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Ҳуқуқбузардан этказилган зарарни тўлаш талаб қилинадими ёки йўқми, номаълум.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йил ноябрь ойидан бошлаб дарахт ва буталарни кесишга мораторий жорий қилинган, 2022 йил январидан эса уни бузганлик учун жазо кучайтирилган эди. Шунга қарамай, мамлакатда ўсимликларни ноқонуний йўқ қилиш давом этмоқда.

Жорий йилнинг май ойида республика Олий Мажлиси Сенати (парламент юқори палатаси) қонун ҳужжатларига дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жазони кучайтирувчи ўзгартишларни маъқуллаганди. Янги қоидаларга кўра, жарималар миқдори оширилиб, бир йил давомида худди шундай ҳуқуқбузарлик такрор содир этилган тақдирда, айбдор шахс 15 суткагача маъмурий қамоққа олиниши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ