Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Санкциялар ва таҳлилий қўллаб-қувватлаш гуруҳи «Толибон»* ҳаракати ҳақидаги навбатдаги ҳисоботида Афғонистондаги ҳокимият Қандаҳор ва Кобул расмийлари ўртасида бўлинганини маълум қилади. Шу муносабат билан радикал ҳаракат ҳукумати мустаҳкам кўринмайди, дея таъкидлайди «Хроника Туркменистана» нашри халқаро экспертлар ҳисоботига таяниб.
Таҳлилчиларга кўра, Қандаҳор гуруҳига ҳаракат етакчиси Ҳибатуллоҳ Охундзода (Hibatullah Akhundzada) назоратида бўлган толиблар киради. Ҳукуматнинг бу қисми жаҳон ҳамжамиятининг талабларига ён беришда анча консерватив ва муросасиз ҳисобланади.
Пойтахт блокидаги асосий шахслар — Ички ишлар вазири Сиражуддин Ҳаққоний (Sirajuddin Haqqani), Мудофаа вазири Мулла Муҳаммад Ёқуб Умарий (Mullah Mohammad Yaqub Omari) ва разведка раҳбари Абдул-Ҳақ Вассиқ (Abdul-Haq Wassiq) ҳисобланади. Кобулликлар ўзларини прагматик сифатида кўрсатишга, халқаро миқёсда тан олиниш ва иқтисодий қўллаб-қувватланишга интилишмоқда. Гарчи уларнинг ҳаракатлари сиёсатчиларнинг мўътадилроқ қарашларга содиқлигини кўрсатмаса ҳам, дейди ҳисобот муаллифлари.
Мутахассислар, шунингдек, Ички ишлар вазири Ҳаққоний ва «Толибон» асосчиларидан бири, ҳозирда Афғонистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Барадар (Mullah Baradar) ўртасида жиддий келишмовчиликлар мавжудлигини таъкидлашмоқда.
Ушбу мансабдор шахслар ресурслар, молиявий оқимлар ва маҳсулотларни мамлакатга киритиш йўлларини назорат қилиш учун рақобатлашадилар.
Хусусан, ҳуқуқ-тартибот идораси раҳбарининг ТАПҲ газ қувури (Туркманистон-Афғонистон-Покистон-Ҳиндистон) қурилишини тўлиқ назорат қилиш ниятида экани ҳақида маълумотлар бор.
Наркотрафикни назорат қилиш учун ҳам курашлар авж олмоқда.
Кўкнори етиштириш ва гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш расман тақиқлангани, плантациялар ва яширин лабораторияларни йўқ қилиш бўйича кўргазмали рейдларга қарамай, ноқонуний гиёҳванд моддалар ва улар учун хомашё савдоси толиблар учун жиддий даромад манбаи ҳисобланади.
Дарвоқе, кўкнори экинлари вайрон қилингани учун гиёҳванд моддаларнинг нархи кўтарилган ва Афғонистонда метамфетамин ишлаб чиқариш кўпайган. БМТ ҳисоботи муаллифларининг фикрича, ҳозирда Марказий Осиё орқали Европа ва АҚШга наркотик моддалар савдоси устидан назорат айнан Ички ишлар вазири Ҳаққоний гуруҳи томонидан амалга оширилмоқда.
Маърузачилар Афғонистон иқтисодиётидаги қатор ўзгаришларни алоҳида таъкидладилар. Шундай қилиб, толиблар:
✔️ солиққа тортиш тизимини кенгайтиришган;
✔️ кончилик ва қишлоқ хўжалигидан солиқ ундириш самарадорлигини оширишган;
✔️ трансчегаравий савдо соҳасида бошқарувни такомиллаштиришган, коррупция даражасини пасайтиришган;
✔️ электр энергияси, газ ва ёқилғи импорти бўйича қарзларни тўлашган, аҳолини ресурслар билан янада таъминлашган.
Мутахассисларнинг фикрича, жорий йилнинг февраль ойида инфляция 3,5 фоизга пасайган, валюта курси ва нархлар ўсиши барқарорлашган. Бироқ, товарлар нархи ҳали ҳам 2021 йил августига кўра, Афғонистонда толиблар ҳокимиятни қўлга киритганидан анча юқори.
Қайд этилишича, «Толибон» ҳаракати, жумладан, аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ёки қўшни давлатлар хавфсизлигига таҳдидларнинг олдини олиш борасидаги қатор ваъдаларини бажаришмаяпти.
Терроризм масаласи айниқса кескиндир, чунки толиблар, гарчи «Ислом давлати»* нинг баъзи гуруҳларини ўзларига душман деб билсалар-да, бошқа экстремистик гуруҳлар, масалан, Покистондаги доимий ҳужумларга алоқадор «Теҳрик-и-Толибони Покистон»* билан фаол алоқада бўлиб келади.
*Юлдузча билан белгиланган ташкилотлар Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).