Ўзбекистонликлар июнь ойида кунлик электр энергияси истеъмоли ҳажми бўйича рекорд кўрсатгичларини янгилаган. Мамлакат Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, бу аномал иссиқлик туфайли содир бўлган.
Жумладан, 13 июнь куни Ўзбекистонда истеъмол қилинган электр энергияси ҳажми 231,7 миллион кВт/соатни ташкил этган. Бир йил аввал шу куннинг ўзида 202 миллион кВт/соат электр энергияси истеъмол қилинган бўлиб, ўсиш ҳажми суръати 14,7 фоизни ташкил этганди.
14 июнь куни соат 11:00 га қадар эса соатлик эҳтиёж ҳажми 11 080 МВтни ташкил қилган. Бу эса 2022 йилнинг худди шу санасидаги ҳолат билан таққосланганда, 1600 МВт (15,4 фоиз) кўп электр токи сарфланган, деганидир.
Энергетика вазирлиги истеъмол ўсиши давом этишини кутмоқда. Тўғрироғи, саратон ёки чилла — энг иссиқ давр ҳали олдинда (қоида тариқасида, 25 июндан 3 августгача давом этади).
«2022 йил июль ойининг энг аномал жазирамасида ҳам максимал юклама 10 800 МВт дан, максимал суткалик истеъмол эса 238,2 миллион кВт/соатдан ошмаганди», — дейилади вазирлик хабарида.
Тошкентда энг кўп истеъмол кузатилмоқда. Масалан, 2021 йил 13 июнь куни пойтахт аҳолиси 15,5 миллион кВт/соат электр энергияси истеъмол қилган бўлса, 2022 йилнинг шу санасида бу кўрсаткич 17,08 миллион киловатт/соатни ташкил этган, жорий йилда бу кўрсаткич 26,4 миллион киловат-соатга етган.
«Маълумки, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб ҳам кескин ошади. Натижада электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юкламалар ортиши, тармоқда эса турли носозликлар келиб чиқиши табиий. Хусусан, аномал иссиқ электр тармоқларининг ўтказувчанлик қобилиятини ҳам 20 фоиз тушириб, тизимда йўқотишларни ҳосил қилиши мумкин», — дейилади вазирлик хабарида.
Энергетиклар ўзбекистонликларни электр энергиясидан тежамкор фойдаланишга, фойдаланилмаётган электр жиҳозларини ўчиришга чақирди.
Аввалроқ Энергетика вазирлиги 2023 йил январь-март ойлари учун республика истеъмолчиларига электр энергияси ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажми бўйича маълумотларни эълон қилган эди. Ишлаб чиқариш 20,1 млр.квт/соатни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 421,5 млн кВт/соатга ёки 2,1 фоизга кўпдир. Истеъмолчиларга 16,7 миллиард кВт/соат электр энергияси етказиб берилган. Бу ўтган йилга нисбатан 1,3 миллиард кВт/соат ёки 8,5 фоизга кўпдир.
Ўзбекистон ҳукумати 2026 йилгача мамлакат энергетика тизимининг умумий қувватини 27,4 минг МВтга етказишни, йиллик электр энергияси ишлаб чиқаришни эса 110 миллиард кВт/соатга етказишни режалаштирган. Ҳозирда мамлакатда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилиб, турли турдаги электр станциялари қурилмоқда. 2030 йилга бориб республикада электр энергияси ишлаб чиқариш учун қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш мос равишда 8 ва 7 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Келгуси ўн йилликда 30 ГВтгача қўшимча энергия манбаларини, жумладан 5 ГВт қуёш, 3,8 ГВт сув ва 3 ГВтгача шамолни ишга тушириш режалаштирилган.
Жумладан, 14 июнь куни Ўзбекистонда яна учта қуёш фотоэлектр станциясини (ФЭС) қуриш тўғрисида Президент қарорлари қабул қилинди:
👉 Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида 500 МВт қувватга эга;
👉 Қашқадарё вилояти Нишон туманида 500 МВт қувватга эга.
👉 Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманида 400 МВт қувватга эга. Бу ерда 334 МВт қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизими ҳам қурилади.