Ўзбекистон терма жамоаси Марказий Осиё футбол федерацияси (CAFA) Миллатлар кубоги гуруҳ босқичининг 2-турида Туркманистон терма жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этди ва муддатидан аввал гуруҳда биринчи ўринни ва турнир финалида иштирок этишни ўзи учун кафолатлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи словениялик мутахассис Сречко Катанец оғир касаллиги туфайли ўйинга кела олмади. Унинг ўрнини Владо Радманович эгаллади.
Биринчи бўлимда томошабинлар гол кўришмади. Ўзбекистонликлар тўпни назорат қилишди ва хавфли вазиятларни яратишди, гарчи туркманистонлик футболчилар ҳам кучлироқ рақибга таслим бўлмасликка ҳаракат қилишган бўлсаларда. Иккинчи бўлимда ўзбекистонликлар гол уришга муваффақ бўлишди. 52-дақиқада Хожимат Эркинов рақиб жарима майдончасига тўпни ошириб берди, Элдор Шомуродов тўпни рақиб дарвозасигага йўллади. Туркманистон терма жамоаси дарвозабони Расул Чарев тўпни ушлаб қолишга ожизлик қилди.
Туркманистонлик футболчилар ташаббусни қўлга киритмоқчи бўлишди ва бир нечта ўта хавфли вазиятларни яратишди. Жумладан, битта ҳужумда тўп икки марта Ўзбекистон терма жамоаси дарвоза тўсинига тегиб қайтди. Бироқ, Шомуродов 86-дақиқада дубл қайд этиб, ўйинга нуқта қўйди. Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳ босқичидаги иккинчи ғалабасини қўлга киритди ва турнир финалида иштирок этишини кафолатлади.
Туркманистон дарвозасига урилган иккита гол инобатга олинса, Элдор Шомуродов ҳисобида миллий терма жамоа сафида урган голлар сони 35 тага (Transfermarkt маълумотларига кўра) етган. Шу тариқа Элдор бу кўрсаткич бўйича Максим Шацкихдан ўзиб кетди ва Ўзбекистон терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди.
А гуруҳининг навбатдаги учрашувида Тожикистон терма жамоаси Уммон терма жамоаси билан 1:1 ҳисобида майдонга тушди. Учрашув ниҳоятда кескин ўтди. 14-дақиқада россиялик ҳакам Кирилл Левников ўз жарима майдончаси ичида Манучеҳр Сафаровга қўл билан зарба бергани учун Тожикистон дарвозасига пеналти белгилади. Салоҳ Ал-Яҳёи бу нуқтани қўлдан бой бермади. 44-дақиқада Тожикистон терма жамоаси дебютанти Вақтат Хононов ҳисобни тенглаштирди. 52-дақиқада Левников ниҳоятда баҳсли қарорга келди: у Уммон фойдасига яна бир пеналти белгилади ва шу билан бирга Табрез Исломовга иккинчи сариқ карточкани кўрсатиб, уни майдондан четлатди. Мухсен Ал-Ғассани ўз ихтиёри билан пеналтини тепган бўлса, бу сафар Рустам Ятимов зарбани уддалади. Учрашувда бошқа гол бўлмади.
Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Тожикистон терма жамоаси бош мураббийи Петр Сегрт ўз ҳайратини билдирди.
«Биз барча қарорларга бўйсунамиз. Чунки биз шу ерда – фақат Тожикистонмиз. Биринчи ўйинда чанқоқни босиш учун танаффуснинг йўқлиги, иккинчисида — иккита пеналти ва ўйинчини четлатиш. Ҳар иккала ўйин ҳам кундузи бўлиб ўтди, рақибларнинг ўйинлари вақти алмашиб турган бўлса-да, биз иссиқда ўйнадик. Ўзбекистон эса ҳар учала учрашувни қулай вақтда ўтказади. Биз буларнинг барчасини қабул қиламиз. Футболчиларимиз ҳамма нарсага чидашади. Лекин, қўрқаманки, бу ташкилий хатолар билан Ўзбекистонга қарши ўйнашга кучимиз қолмайди. Шу билан бирга, Ўзбекистон халқи бизни дўстона кутиб олди, шунинг учун нега бундай бўлаётганига ҳайронман», — дея шикоят қилди хорватиялик мутахассис.
А гуруҳининг иккинчи тур якунларига кўра, тартиб қуйидагича: Ўзбекистон – 6 очко, Тожикистон – 2 очко, Туркманистон – 1 очко, Уммон – 1 очко.
17 июнь куни бўлиб ўтадиган сўнгги турда Ўзбекистон Тожикистон билан, Уммон Туркманистон билан баҳс олиб боради.
В гуруҳида Афғонистон мусобақадаги иштирокини якунлаган бўлса, Эрон ва Қирғизистон терма жамоалари 16 июнь куни бўлиб ўтадиган юзма-юз учрашувда финал йўлланмаси учун кураш олиб боради.
Биринчи CАFА чемпионати 10-20 июнь кунлари Тошкент ва Бишкекда бўлиб ўтади. Турнир регламентига кўра, жамоалар икки гуруҳга бўлинган. А гуруҳида Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Уммон терма жамоалари, В гуруҳида Қирғизистон, Афғонистон ва Эрон терма жамоалари ўйнайди. Гуруҳ ғолиблари финалда тўқнаш келишади. Ўз гуруҳларида иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар чемпионатда учинчи ўрин учун кураш олиб боради.