Тошкент-Андижон пуллик автомобиль йўли қурилиши 2,5 миллиард долларга баҳоланган

Пуллик автойўлга кириш жойи. mentoday.ru сайти фотосурати

«Тошкент-Андижон» муқобил пуллик автомобиль йўли қурилиши 2,5 миллиард долларга тушади, бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 14 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзод сифатида Андижон вилояти сайловчилари билан учрашувда маълум қилди.

Магистрал йўл қурилишини мега лойиҳа деб атаган Мирзиёев унинг амалга оширилиши икки шаҳар ўртасидаги қатнов вақтини ҳозирги беш соатдан 3 соатгача қисқартиришини айтди. Лойиҳада Жаҳон банки иштирок этади ва иш жорий йил охиригача бошланади.

Номзод, шунингдек транспорт соҳасида бир қатор бошқа лойиҳалар амалга оширилишини маълум қилди, жумладан:

👉 Андижон халқаро аэропортини тўлиқ реконструкция қилиш, бунинг учун 350 миллион доллар ажратиш режалаштирилган;

👉 вилоятдаги 5000 километр ички йўлларни таъмирлаш;

👉 Андижон-Фарғона-Қўқон-Наманган-Андижон темир йўл ҳалқаси бўйлаб электр поездларини йўлга қўйиш, бунинг учун 40 млн доллар сарфланади.

Йиғилишда Мирзиёев аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, маҳалла имкониятларини кенгайтириш, сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, вилоят иқтисодиётини ривожлантириш борасидаги режа ва вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди. У барча ташаббус ва лойиҳалар аниқ ҳисоб-китоблар ва молиялаштириш манбаларига асосланганини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, Андижон вилоятини 2030 йилгача ривожлантириш дастури қабул қилинади, уни амалга ошириш учун 25 миллиард доллар ажратилади.

ℹ️ Президентнинг 2019 йил апрель ойи охирида Тошкент ва Андижон ўртасида пуллик автомобиль йўли қуриш тўғрисидаги қарори имзоланган эди. Ўша йилнинг май ойида Жаҳон банкининг Глобал инфратузилма фонди (GIF) Ўзбекистонга ушбу лойиҳа учун тадқиқот гранти ажратганди. 2020 йил май ойида йўл лойиҳаси, жумладан Қамчиқ довонида муқобил туннел қурилиши бўйича тендер эълон қилиш нияти эълон қилинган эди. 2021 йил март ойида Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги Тошкент-Андижон автомобиль йўли бўйлаб ҳаракатланиш ҳайдовчиларга 5-6 доллар эквивалентига тушишини, унда рухсат этилган максимал тезлик 120-150 км/га тенг бўлишини маълум қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ