Жорий йилнинг 1 июлидан Қозоғистонда янги қонун кучга киради, унга кўра полиция оиладаги зўравонлик бўйича маъмурий ишларни жабрланувчининг кўрсатмасисиз қўзғатиши мумкин. Бу ҳақда Олмаота полиция департаменти бошлиғи ўринбосари Диас Дуанбеков матбуот брифингида маълум қилди, дея хабар беради Kazakhstan Today.
Дуанбековнинг сўзларига кўра, келаси ой бошидан ҳуқуқ-тартибот идоралари жиноятни қайд этишнинг декларативликдан детектив хусусиятига ўтади. Яъни, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар жабрланувчиларнинг кўрсатмаларисиз қўзғатилиб, гувоҳлар, қўни-қўшниларнинг кўрсатмалари ва видеокузатув камералари ёзувлари асосида оилавий зўравонлик факти бўйича баённома тузилади.
«Масалан, бир аёл касалхонага ётқизилган, полиция отряди бориб, жабрланувчи ҳуқуқбузарга қарши ариза ёзишни хоҳлайдими ёки йўқми, тегишли қарор қабул қилади», — дея тушунтирди янгиликни Олмаота полиция департаменти вакили.
Дуанбековнинг қўшимча қилишича, эндиликда оилавий зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарлик белгиланган — беш кундан йигирма суткагача маъмурий қамоқ жазоси.
Бундан ташқари, қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар томонларни қайтадан яраштириш имкониятини истисно қилади.
2022 йил сентябрь ойида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев оиладаги зўравонлик учун жазони кучайтириш ташаббуси билан чиққанди. Уни парламент қўллаб-қувватлаганди, унинг аъзолари мамлакатнинг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик кодексларига қатор тегишли ўзгартиришлар тайёрлади.
Республика Ички ишлар вазирлиги вакили Руслан Каржаспеков ушбу ўзгаришларнинг долзарблиги ҳақида гапирар экан, жорий йил бошидан буён томонларнинг ярашуви ёки бошқа сабабларга кўра полиция томонидан оила ичидаги беш мингта зўравонлик ҳолатлари тўхтатилгани ҳақида статистик маълумотларни келтирди.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йили Қозоғистонда 5,5 мингдан ортиқ аёл оиладаги зўравонлик юзасидан шикоят билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилган. Натижада 22 нафар шахс жиноий жавобгарликка, 4731 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.