Ўзбекистон ҳукумати мусулмонлар қўшиғи бўлган нашидга ҳаволаларни тарқатгани учун уч йилга озодликдан маҳрум этилган талаба Жаҳонгир Улуғмуродов иши бўйича мурожаатнинг адолатли кўриб чиқилишини таъминлаши керак. Бу ҳақда 14 июнь куни – мазкур иш бўйича суд мажлиси бўлиб ўтадиган куни Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълум қилди.
Жаҳонгир Улуғмуродов 21 ёшда, ҳибсга олинишидан олдин у Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 2-курс талабаси бўлган. 2023 йил бошида талаба дала ҳовлини ўғирлаганликда гумонланиб қўлга олинган. Онасининг сўзларига кўра, кечаси уйга икки киши келиб, ўғрилар «Жаҳон, Жаҳон!» деб бақиришгани учун улар маҳаллада яшовчи барча Жаҳонгирларни йиғишаётганини айтишган.
Улуғмуродовнинг мобил телефонини кўздан кечирилганида у Телеграм гуруҳидаги синфдошларига YouTube даги нашидга оид ҳаволани юборгани маълум бўлган. Дин ишлари бўйича қўмита экспертлари мазкур «нашид фундаменталистик ғояларни ўз ичига олгани ва уни Ўзбекистонда тарқатиш тақиқлангани»ни таъкидлаган.
8 май куни Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман суди Улуғмуродовни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-1-моддаси («Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш») билан айбдор деб топиб, уч йил қамоқ жазосига ҳукм қилган.
Жаҳонгирга нисбатан очилган бу жиноий иш унинг эътиқод эркинлиги ҳуқуқини бузади ва расмийлар томонидан «экстремистик» деб топилган контентни тарқатгани ўзбекистонликларга нисбатан жиноий таъкиблар кўпайиб бораётганини кўрсатади, деб ҳисоблайди HRW.
«Улуғмуродов ва бошқаларнинг «экстремистик» деб аталувчи материалларни тарқатгани учун ҳеч қандай далилсиз, улардан зўравонликни қўзғатиш мақсадида фойдаланилгани ёки ишлатмоқчи бўлганлиги учун ҳибсга олиниши мансаб ваколатларини қўпол равишда суиистеъмол қилиш ҳисобланади. Расмийлар Улуғмуродовнинг сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаши ва бундай ҳукмларни бекор қилиш чораларини кўриши керак», — дейди HRWнинг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Миҳра Риттманн.
Улуғмуродовнинг иши оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда шов шувга сабаб бўлди, шундан сўнг Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси баёнот тарқатди ва унда Kun.uz сайти аниқлаганидек, талаба томонидан бир қатор жиноятлар содир этилгани айтилган. Жумладан, ИИББ Жаҳонгир Улуғмуродовни «халқаро террористик ташкилот тарафдорлари сонини орттириш мақсадида интернет орқали «жиҳод» ва «шаҳидликка чорлов» маърузаларини ўзига таниш бўлган шахслар ва яқинлари орасида тарқатиш билан шуғулланган».
Айни пайтда, ИИББ баёнотида аниқ фактлар йўқ, унда Улуғмуродовга нисбатан кўрсатилган даъволар Янгийўл тумани ИИБ терговчилари имзолаган айблов хулосасида ҳам, суд ҳукмида ҳам йўқ. Бундан ташқари, айблов хулосасида айтилишича, Улуғмуродов нашиднинг маъносини тушунмаган, уни жаҳолатдан тарқатган ва бундан афсусда, деб ёзади Kun.uz.
ℹ️ Улуғмуродов иши расмийлар «диний экстремистик» деб атаган ғояларни ўз ичига олган материалларни сақлаш ёки тарқатиш айби билан жиноий жавобгарликка тортилаётган ўзбекистонликларга доир биринчи ҳолат эмас. Май ойида HRW Тошкент, Наманган ва Андижонда Улуғмуродов иши каби еттита ҳолат қайд этилгани борасида ҳисоботини эълон қилди. Суҳбатларда ҳуқуқ ҳимоячилари ва блоггерлар шунга ўхшаш ҳолатлар анча кўплигидан хабардор эканликларини айтишган.
Аввалроқ, шу йилнинг январь ойида Тошкентда 22 ёшли талаба Сардор Раҳмонқулов 5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. У 2022 йил июль ойида «эрталаб соат 4 да каналга ахлат ташлаган»и учун 15 кунга ҳибсга олинган. Унинг мобил телефонидан хавфсизлик кучлари 2020 йили юклаб олинган нашидни топадилар.
Онасининг сўзларига кўра, қийноқлар остида Сардор қилмаган жиноятларини тан олишга мажбур бўлган. Масалан, у экстремистик постлар жойлаштирган Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган Meta копрациясига тегишли тармоқ) даги профил эгаси бўлгани ва яна беш киши билан экстремистик диний адабиётларни ўқиш билан шуғулланганини тан олган.
Март ойида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Раҳмонқулов иши бўйича апелляция шикоятини кўриб чиқиб, ҳақиқий беш йиллик жазо муддатини икки йиллик синов муддати билан шартли жазога ўзгартирди. Раҳмонқулов суд залида ҳибсдан озод этилди.