Деҳлига учиб келган ўзбекистонлик аёллар аэропортда 16,5 кг олтинни ташлаб, қочишга ҳаракат қилишган

Фото с сайта newsroomodisha.com

Индира Ганди номидаги халқаро аэропортда 16,5 кг дан ортиқ олтин олиб ўтаётган икки нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган. Бу ҳақда Newsroom Odisha хабар берди.

HY 421 «Тошкент-Деҳли» рейси йўловчилари тинтув олдидан конвеер ёнига тилла солинган сумкани қолдиришган ва шу боис тинтув пайтида улардан тақиқланган нарса топилмаган. Улар фош бўлганини англаб этгач, Деҳлидан бошқа рейсга учиб, қочишга ҳаракат қилишган, аммо охир-оқибат аёллар қўлга олинган.

Божхона ходимларига кўра, ўзбекистонлик аёллар аниқ разведка маълумотлари асосида қўлга олинган, унга кўра, Марказий Осиё давлатларидан бирининг фуқароси катта миқдорда хориждан олинган олтин билан Деҳлига йўл олган. Шу боис божхоначилар келаётган йўловчиларга нисбатан ҳушёрликни оширган.

Йўловчилардан бирининг шахси зудлик билан аниқланган ва у самолётни тарк этишидан кузатувга олинган. Аёл қўлга олинади, бироқ унинг юкини кўздан кечириш чоғида контрабанда товарлари топилмайди.

Кейин худди шу маълумотлар асосида иккинчи йўловчининг шахси аниқланади. У шубҳали ҳаракат қилади. Аёл кузатув остига олинади ва у «яшил йўлак» орқали ўтмоқчи бўлганида тўхтатишиб, унинг юкини кўздан кечиришади, бироқ йўловчи аёлда ҳеч нарса топилмайди. Кейинчалик маълум бўлишича, у қўлга тушишидан қўрқиб, учиб келиш жойига бир халта олтинни ташлаб кетган.

Божхоначилар ҳудудни кўздан кечириб, қўлга олинган ўзбекистонлик аёлларнинг ҳаракатланиши қайд этилган конвеер ёнидан эгасиз сумкани топишади.

«Ушбу сумкани сканерлаш пайтида олтин буюмлар борлигини кўрсатувчи шубҳали тасвирлар кўзга ташланди. Сумка йўқолгани ҳақида ҳеч ким хабар бермагани боис у очилиб, ундан занжир шаклидаги 16,5 кг га яқин олтин олинди», — дейди аэропорт вакили.

Видеокузатув камераларидаги ёзувларни кўриб чиққан божхоначилардан бири конвеер ёнида сумкани ташлаб кетаётган аёлни пайқаб қолган. Аэропорт ходимлари аёл мамлакатдан қочишга уриниши мумкинлигини тахмин қилиб, учиш ҳудудига бир нечта одамни жўнатади. Air Astana авиакомпаниясининг Олмаота шаҳрига учаётган рейси парвоз ҳужжатларида Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг аввалги рейси билан келган фуқаронинг маълумотларига мос йўловчи борлиги аниқланади.

Аёл сумкани ташлаб кетганини тан олади. Унинг маълумотларига асосланиб, биринчи гумондор аёл ҳам қўлга олинади, у бу жуфтликда асосий ролни ўйнаган бўлиб чиқди.

Бу воқеа Ҳиндистонда олтин контрабандаси билан шуғулланган Ўзбекистон фуқароларининг қўлга олиниши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Масалан, 2021 йили Дубайдан келган Ўзбекистон фуқароси Деҳли аэропортида тўхтатиб текширилган, у 951 грамм олтинни божхона пункти орқали тиш протезлари тўплами ниқоби остида олиб ўтмоқчи бўлган.

Олтин контрабандачиларининг қўлга олиниши ҳолатлари Тошкент аэропортида ҳам юз берган. Хуллас, 2018 йили Ҳиндистонга учиб кетиш мақсадида «яшил йўлак» орқали ўтаётган эркак божхоначилар эътиборини тортади. Маълум бўлишича, у умумий оғирлиги 100 грамм бўлган шарлар кўринишидаги еттита қуйма соф олтинни ютиб олган.

ℹ️ Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб кириш ва олиб чиқишда белгиланган меъёрларга мувофиқ, жисмоний шахсларга умумий оғирлиги 30 граммдан ортиқ бўлмаган беш донагача заргарлик буюмлари ва қимматбаҳо металларни акциз солиғисиз олиб киришга рухсат этилади.

ℹ️ Бутунжаҳон Олтин Кенгаши маълумотларига кўра, Ҳиндистон сариқ металнинг дунёдаги иккинчи йирик истеъмолчиси ҳисобланади. 2022 йили бу мамлакатга 160 тонна олтин контрабанда йўли билан олиб кирилган, бу коронавирус пандемиясидан олдингига нисбатан 33 фоизга кўпдир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ