Ҳибсдаги йигитни уриб ўлдирган Андижон тергов изолятори ходимлари 4 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди

admmuji.ru сайти фотосурати

Андижон вилоятида ички ишлар органининг ўн икки нафар ходими етказилган тан жароҳатлари туфайли вафот этган маҳкумни калтакланликда айбланиб қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Айбланувчиларнинг 6 нафари тўрт йилдан, яна беш нафари уч йилдан қамоқ жазосини олди, бир нафари эса озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди, деб ёзади Kun.uz.

Суд материалларига кўра, ўтган йил март ойида Андижон вилояти Шаҳрихон туманида яшовчи Санжарбек Мамажонов ИИВ Жазони ижро этиш департаменти тергов изоляторига олиб келинган ва унга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазо қўлланилган.

Аниқланишича, тергов изоляторида маҳкум тергов изолятори ходимлари томонидан қийноққа солинган, шундан сўнг ҳаётига хавф туғдирадиган жароҳатларга қарамай, уни камерага жойлаштиришган. Ҳужжатларга кўра, бунгача Мамажонов тергов изоляторида ишловчи шифокорлар томонидан кўрикдан ўтказилган. Шифокорлар маҳкумнинг аҳволи қониқарли, танасида ташқи жароҳатлар йўқ, деган хулоса беришган.

Кейинчалик шаҳрихонлик йигитда ёпиқ бош мия жароҳати, бош мия чайқалиши, қон кетиши ва мия шиши борлиги маълум бўлган.

Камерада қийноққа солинган йигит бошқа маҳбус Жасурбек Усмонов билан жанжаллашиб қолади ва яна калтакланади. Бу воқеадан 3 соат ўтиб Мамажонов вафот этган.

Суд тергов изоляторининг олти нафар ходимини тўрт йилга, яна беш нафарини, жумладан тергов изолятори бошлиғи ва даволаш-профилактика бўлими бошлиғини уч йилга озодликдан маҳрум қилди. Психиатрга нисбатан уч йил озодликни чеклаш жазоси қўлланилди.

Шу билан бирга, ички ишлар органининг ўн нафар ходими бир ярим йилга, яна икки нафари эса бир йилга Ички ишлар вазирлиги органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Жабрланувчини камерада калтаклаган маҳкум Усмонов 4 йилу бир ойга озодликдан маҳрум этилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ