Қорақалпоғистон тадбиркорлари учун солиқлар икки баробарга камайтирилади

Шавкат Мирзиёев Нукусдаги савловчилар билан учрашувда. ЎзЛиДеп матбуот хизмати фотосурати

2023 йил 1 январдан 2028 йил 1 январигача Қорақалпоғистонда (Ўзбекистон таркибидаги суверен республика) тадбиркорлар учун солиқлар 50 фоизга камайтирилади. Тегишли қонун 12 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди.

Ушбу ҳужжат билан Ўзбекистон Солиқ кодексига ўзгартишлар киритилди, унга кўра Қорақалпоғистонда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари учун:

👉 даромад солиғи, айланма солиғи, мол-мулк солиғи ва ер солиғи икки баробарга қисқартирилади;

👉 ижтимоий солиқ ставкаси 1% этиб белгиланган;

👉 якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқ йилига битта базавий ҳисоблаш миқдорига (БҲМ) — 330 минг сўм ($29) тенг бўлади. Қонунда таъкидланишича, шу йўл билан шаҳарларда ишлаётган якка тартибдаги тадбиркорлар учун солиқнинг ушбу тури 12 баробарга, ҳудудларда ишлаётганлар учун эса 6 баробарга камаяди.

Ушбу имтиёзлар билан бир қаторда, солиқ тўловчи бир вақтнинг ўзида бошқаларга ҳам эга бўлса, у ўз хоҳишига кўра тўлашнинг энг қулай вариантини танлаш ҳуқуқига эга.

Санаб ўтилган имтиёзлар йирик солиқ тўловчиларга, доимий фаолият кўрсатувчи муассасаларга, бюджет ташкилотларига ва устав капитали 50 ва ундан ортиқ фоизи давлатга тегишли бўлган давлат корхоналари, юридик шахсларга ёки давлат улуши 50 фоизга тенг бўлган юридик шахсларга татбиқ этилмайди.

Худди шу қонун билан Қорақалпоғистон ҳудудидаги нодавлат таълим ташкилотларининг таълим жараёнига жалб этилган хорижий мутахассисларни (ўқитувчиларни) вақтинча ва доимий яшаш жойида рўйхатдан ўтказиш учун консуллик йиғими ва давлат божи 2027 йил 1 октябргача бўлган муддатга бекор қилинади.

Юқоридаги ўзгартишлар Қорақалпоғистоннинг инвестисиявий жозибадорлигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, нодавлат таълим ташкилотларида таълим сифатини ошириш мақсадида киритилган, дейилади қонунда.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг 9 июлга белгиланган муддатидан илгари Ўзбекистон Президентлигига сайловда номзод сифатида мамлакат бўйлаб сафари дастурида Қорақалпоғистон биринчи манзил бўлди. 12 июнь куни Нукус шаҳрида сайловчилар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда номзод қорақалпоғистонликлар ҳаётини яхшилаш режалари ҳақида маълум қилди. Масалан, у кейинги етти йил ичида суверен республикада:

👉 ўнлаб болалар боғчалари ва мактаблар қуриш ва таъмирлаш, олий ўқув юртларининг филиалларини очиш ишлари амалга оширилади;

👉 қишлоқ болалари учун мактаб автобуслари ишга туширади;

👉 70 минг хонадонга эга 2 мингта кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилади;

👉 маҳалла ва овулларда 6 минг километр йўллар ҳамда 150 та кўприк таъмирланади;

👉 барча ижтимоий ва давлат муассасалари ҳамда 17 минг хонадонда электр тармоқлари, подстанцияларни янгилаш, қуёш батареяларини ўрнатиш орқали электр таъминоти йўлга қўйилади.

👉 аҳолининг мол-мулк ва ер солиғи бўйича жами 500 миллиард сўм (44 миллион доллар) қарзларини ҳисобдан чиқарилади;

👉 Нукусдан Тошкентга тезюрар поезд қатновини йўлга қўйилади.

ℹ️ Мирзиёев Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеп) ва «Миллий тикланиш» партиясидан Президентликка номзод қилиб қўрсатилган. Шунингдек, Экология партиясидан Абдушукур Ҳамзаев, Халқ демократик партиясидан Улуғбек Иноятов, «Адолат» партиясидан Робахон Маҳмудова ҳам давлат раҳбари лавозимига номзод сифатида рўйхатга олинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ