12 июнь куни Ўзбекистон Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати иккинчи «Нукус иши» бўйича судланувчиларнинг апелляция шикоятини кўриб чиқди, натижада муқаддам судланган 28 нафар кишидан беш нафари озод этилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати ўзининг Телеграм-каналида хабар берди.
Ўтган йил 1-2 июль кунлари оммавий тартибсизликларда иштирок этгани учун судланган беш нафар қорақалпоғистонликларнинг қамоқ муддати қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган жазога алмаштирилди:
✔️ Ислом Пўлатовга беш йиллик қамоқ жазоси ўрнига беш йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди;
✔️ Пўлат Есенгелдиев ва Исломбек Айтмуратовга олти йиллик қамоқ жазоси ўрнига беш йилга озодликни чеклаш жазоси берилди;
✔️ Ислом Сапаров ва Раҳимжон Жумабоэв ҳам етти йиллик қамоқ ўрнига беш йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.
«Нукус иши» бўйича ушбу айбланувчиларнинг барчаси тўғридан-тўғри суд залидан озод қилинди.
Яна 16 нафар маҳкумга нисбатан Олий суднинг Апелляция комиссияси шикоятларни қисман қаноатлантирди – уларнинг панжара ортида қолиш муддати: 12 нафар судланувчига нисбатан – бир йилга, уч нафар судланувчи учун – икки йилга ва бир киши учун – 2,5 йилга қисқартирилди.
Иккинчи суд мажлисида қамоқ жазосига ҳукм қилинган яна 7 нафар шахснинг апелляция шикояти суд томонидан қаноатлантирилмади.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистондаги норозилик намойишлари чоғида маҳкумлар етказган зарарнинг ўрнини қоплаш учун аввал ҳокимият органлари томонидан олиб қўйилган мол-мулк, жумладан, тўққиз нафар судланувчига кўчмас мулк ва автомашиналар қайтарилди.
Эслатиб ўтамиз, Нукусдаги оммавий тартибсизликлар бўйича иккинчи суд жараёни жорий йилнинг 17 март куни якунига этган эди. Натижада 28 нафар айбланувчи беш йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум этилди, яна 11 нафар айбланувчига эса беш йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
5 июнь куни Ўзбекистон Олий суди «Нукус иши» бўйича биринчи суд жараёни иштирокчиларининг шикоятларини кўриб чиқди. Улардан саккиз нафарининг жазоси енгиллаштирилиб, озодликка чиқарилди, бироқ асосий айбланувчи, адвокат ва журналист Даулетмурат Тожимуратовнинг ҳукми ўзгаришсиз қолди. Биринчи инстанция суди уни Жиноят кодексининг қатор моддалари, жумладан, оммавий тартибсизликлар уюштириш ва ҳокимиятни эгаллабга уринганлик каби моддалари билан 16 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига республикани суверенитетдан маҳрум қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Тартибсизликлар пайтида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар яраланган. Етказилган моддий зарар миқдори 6,6 миллиард сўмдан ортиқ (596 минг доллардан ортиқ) бўлган.