Тўқаев ўрмон ёнғинлари оқибатида одамлар ҳалок бўлгани сабаб 12 июнни мотам куни деб эълон қилди

smi24.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Абай вилоятидаги ўрмон ёнғинлари оқибатида одамлар ҳалок бўлгани муносабати билан 12 июнни миллий мотам куни деб эълон қилди. Тегишли қарор бир кун аввал давлат раҳбари томонидан имзоланган, деб хабар қилди унинг матбуот хизмати.

Батпаев ўрмон хўжалиги ҳудудидаги ёнғин 9 июнь куни бошланган. Республика Экология вазирлиги хабарига кўра, ёнғинга яшин уриши сабаб бўлган. Икки кун ичида ёнғин тарқалган майдон 60 минг гектарни ташкил этган.

Бугунга келиб 14 та ўрмончи ҳалок бўлгани маълум. Мазкур ҳолат юзасидан ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Бироқ, қурбонлар сони кўпроқ бўлиши мумкин, буни полициянинг 10 июнь куни ёнғинни ўчиришга ёрдам бериш учун тракторга миниб кетган ва ўшандан бери алоқага чиқмаган маҳаллий фуқарони қидираётгани ҳақидаги баёноти тасдиқлайди.

Қозоғистон матбуотининг ёзишича, бундай йирик офатнинг олдини олиш мумкин бўлган, бироқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассислари ёнғинни кеч ўчиришга киришган ва ёнғин йўналиши бўйича нотўғри прогноз берилган.

10 июнь куни Тўқаев Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Юрий Ильинни ишдан бўшатиб, унинг ўрнига Сирим Шарипхоновни тайинлаган эди.

Президент воқеа жойига етиб келган, ёнғинда қолган ҳудудни айланиб чиққан, ҳалок бўлганларнинг яқинлари билан суҳбатлашган, уларга ҳамдардлик билдирган.

Тўқаев раислигида тезкор штаб йиғилиши бўлиб ўтди, унда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари ўринбосари Марат Қўлдиков ва Абай вилояти ҳокими Нурлан Уранхаев ҳиобот берган. Республика раҳбари қарор қабул қилишда йўл қўйилган сусткашлик ва вазиятга нотўғри баҳо беришда мансабдор шахслар ишини танқид қилган.

«Таҳдидга етарлича баҳо берилмагани аниқ. Прогноз нотўғри бўлган. Натижада, ҳаракатлар адекват ва ўз вақтида бўлмаган. Бу мос келадиган алгоритмлар ишлатилмаганини англатади. Бу, биринчи навбатда, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг эътиборсизлигидир. Бош прокуратурага қўзғатилган жиноят иши доирасида ваколатли органлар ва мансабдор шахсларнинг ҳаракатларига фундаментал баҳо беришни топшираман», — деди Тўқаев.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ