Қирғизистон қонунчилигига «хорижий агент» тушунчасини киритувчи ўзгартиришлар дискриминация хусусиятга эга бўлиб, мамлакат Конституциясига зиддир ва нодавлат, нотижорат ташкилотлар фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳақда 100 дан ортиқ фуқаролик жамияти вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари, фаоллар ва жамоат ташкилотлари вакиллари имзолаган қўшма мурожаатда айтилади, деб ёзади Kloop.kg.
Мурожаат Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Жогорку Кенеш (парламент) ва Вазирлар Маҳкамасига йўлланган. Унда қайд этилишича, ўзгартиришлар матни Россиянинг «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонуни билан деярли бир хил бўлиб, фақат қирғизча вариантда «агент» сўзи «вакил» сўзи билан алмаштирилгани билан фарқланади.
«Қонун лойиҳасида давлат органларига нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ХННТ (хорижий нодавлат нотижорат ташкилотлари)нинг ички ишларига аралашиш бўйича кенг ҳуқуқлар бериш, шунингдек ўзбошимча, ҳеч қандай маъмурий қоидаларсиз амалда уларнинг фаолиятини тўхтатиб туриш ёки ўз хоҳишига кўра тугатиш таклиф этилади», — тдея аъкидлайди мурожаат муаллифлари.
Уларга «оғир талабларнинг қўйилиши Қирғизистоннинг нотижорат сектори ва иқтисодиётига хорижий инвестициялар ҳажмининг қисқаришига, бу эса ўз навбатида нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий хизматларнинг қисқаришига олиб келади».
9 июнь куни халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch (HRW) ҳам қонун лойиҳасини қайтариб олишга чақирди.
«Қонун лойиҳаси инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга тўғри келмайди, чунки у бирлашиш ва сўз эркинлигини чеклайди ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг ходимлари учун айрим ҳолларда жиноий жавобгарликни белгилайди. Бу эса Қирғизистондаги фаол фуқаролик жамияти учун жиддий хавф туғдиради ва уни олиб ташлаш керак», — дейди HRWнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Синат Султоналиева.
Таклиф этилаётган тузатишлар Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари, демократия ва ижтимоий адолатни тарғиб қилишда муҳим роль ўйнайдиган ташкилотларнинг овозини ёпиши мумкин, дея таъкидлайди HRW.
«Хорижий агентлар» тўғрисидаги қонун лойиҳаси 2014 йили парламентнинг уч аъзоси томонидан илгари сурилган. Жамиятда узоқ ва қизғин муҳокамадан сўнг у рад этилган — 2016 йил май ойида учинчи ўқишда. 2023 йил май ойида 33 нафар депутатдан иборат гуруҳ яна парламентга шунга ўхшаш (таҳлилчилар фикрича, бир хил) қонун лойиҳасини кўриб чиқиш учун тақдим этган.
Халқаро нотижорат ҳуқуқ маркази (ХНҲМ) қонун лойиҳасини ўрганиб чиқиб, шундай хулосага келди:
👉 90% дан ортиғи Россия Федерациясининг «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунидан кўчирилган;
👉 «давлат манфаатларига мос келмайди, агар улар ҳақиқатан ҳам Қирғизистон Республикаси Конституциясида кўрсатилган мамлакатда ҳақиқий демократияни барпо этишдан иборат бўлса»;
👉 «Қонун лойиҳасининг бир қатор қоидалари Қирғизистон 1994 йилдан бери аъзо бўлган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларига зид».
Айни пайтда қонун лойиҳасини имзолаган уч депутат аллақачон имзоларини қайтариб олишини маълум қилган.
«Хориждан молиялаштирилаётган ташкилот ва жамғармалар ўз молиявий ресурсларини турли диний ва террористик оқимларга сарфламасликлари учун мен ҳуқуқий назоратнинг бир қанча бандларини таклиф қилдим. Бироқ, мен таклиф қилган фикрлар киритилган бўлса-да, улар бошқача матнда киритилган ва мен рози бўлмаган бошқа кўплаб фикрлар ёзилган. Шу боис нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонун ташаббускорлари рўйхатидан чиқариб ташлаш тўғрисида ариза ёзишга мажбур бўлдим. Қонун жамият манфаати учун ишлаши керак, лекин уни амалга оширишда манфаатлар тўқнашуви бўлмаслиги керак!», — дейди депутат Эмиль Токтошев.
Эмиль Жамғирчиев қонун лойиҳасини ўрганиш учун муаллифлар гуруҳига қўшилганини, бироқ жамият ва оммавий ахборот воситаларидаги резонанс туфайли имзосини қайтариб олишга қарор қилганини айтди.
Бактибек Чойбеков дастлаб нодавлат нотижорат ташкилотларининг молиявий фаолияти устидан шаффофлик ва назоратни таъминлаш тарафдори эканини тушунтирди. «Аммо кейинроқ қонун лойиҳасининг сўнгги версиясини кўриб чиқиб, имзоимни қайтариб олишга қарор қилдим. Бу қонун лойиҳасида демократия ва инсон ҳуқуқларига қарши кўплаб қоидалар мавжуд», — дейди депутат.