Ўзбекистон ва Италия стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида келишиб олди

Шавкат Мирзиёев ва Жоржа Мелони. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Римда 8 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия Бош вазири Жоржа Мелони икки мамлакат ўртасида Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни қабул қилдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Декларация қабул қилинишидан олдинги музокараларда Мирзиёев Италия Бош вазири ва Президенти билан мазкур Европа давлати Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим ва ишончли ҳамкори эканини таъкидлади. Сўнгги йилларда томонлар сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, энергетика, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни сезиларли даражада фаоллаштирди.

Ўзаро товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми икки баробар ошди. 6 июнь куни бўлиб ўтган бизнес-форумда умумий қиймати 9 миллиард евродан ортиқ бўлган сармоявий битимлар ва савдо шартномалари тўплами имзоланди. Битимлар энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати, чарм-пойабзал, тўқимачилик ва машинасозлик саноати, экология, транспорт ва логистика, шунингдек, банк секторини қамраб олади.

Томонлар қуйидаги соҳаларга ҳамкорлик қилади:

👉 технологик ва инновацион ҳамкорликнинг қўшма лойиҳаларини илгари суриш;

👉 икки давлат ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантириш;

👉 гуманитар алоқаларни ривожлантириш. Хусусан, Италияда Ўзбекистоннинг маданий-тарихий мероси кўргазмасини ўтказиш бўйича келишувга эришилди;

👉 таълим, археология, экология соҳаларида ҳамкорликни давом эттириш;

👉 туризмни янада ривожлантириш. Йил бошидан буён Ўзбекистонга италиялик сайёҳлар сони 5 баробарга ошган. Жорий йил апрель ойидан Тошкент ва Милан ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши туристлар оқимининг ўсишига ёрдам беради.

Икки давлат раҳбарлари минтақавий ва халқаро муаммолар, биринчи навбатда Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Афғонистон халқига манзилли инсонпарварлик ёрдамини давом эттириш ва махсус вакилларнинг мунтазам маслаҳатлашувларини ўтказиш муҳимлигинтаъкидланди.

Мирзиёев ва Мелони иштирокида 11 та давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди. Ҳуқуқий масалалар, саноат мулки ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги шартномалар, маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар шулар жумласидандир.

ℹ️ Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) маълумотларига кўра, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2,2 баробарга ошган – 2017 йилдаги 175,7 миллион доллардан 2022 йили 379,2 миллион долларга етган. Шу билан бирга, экспорт ҳажми 2,2 бараварга ошиб, 50 миллион долларга, импорт умумий ҳажми 2,1 баробарга ошиб, 330 миллион долларга етган. 2021 йили Италиядан киритилган жами сармоя 164,4 миллион долларни ташкил этган. Ўзбекистонда Италия капитали иштирокидаги 59 та корхона фаолият кўрсатмоқда (улардан 18 таси 100% Италия корхонаси).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ