Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) 8 июнь куни Ўзбекистонда муддатидан илгари президентлик сайловини кузатиш бўйича миссиясини очди. Ташкилот матбуот хизматининг қайд этишича, бу Ўзбекистон расмийларининг таклифига биноан амалга оширилган.
Маълумки, миссия Тошкентда жойлашган бўлиб, унга Урсула Гачек (Urszula Gacek) раҳбарлик қилади, асосий гуруҳга 11 нафар халқаро экспертлар киради. 14 июндан бутун мамлакат бўйлаб жойлаштириладиган яна 24 нафар узоқ муддатли кузатувчи Ўзбекистонда иш бошлайди.
Бундан ташқари, ДИИҲБ сайловга бир неча кун қолганда 250 нафар қисқа муддатли кузатувчининг келишини сўрайди.
Таъкидланишича, миссия сайловларнинг ЕХҲТ мажбуриятлари ва демократик сайловлар ўтказиш бўйича бошқа халқаро стандартларга, шунингдек миллий қонунчиликка мувофиқлигини баҳолайди. Кузатувчилар ўз фаолияти давомида республика ДИИҲБнинг овоз бериш жараёни бўйича олдинги тавсияларини қандай бажараётганини текширади.
Экспертлар сайловдан тахминан икки ҳафта олдин жамоатчиликка оралиқ ҳисобот тақдим этади. Эртаси куни ДИИҲБ матбуот анжумани ўтказади. Ва миссиянинг якуний ҳисоботи бутун сайлов жараёнини баҳолаш билан плебисцитдан бир неча ой ўтгач эълон қилинади.
ℹ️ Ўзбекистонда муддатидан илгари президентлик сайлови 2023 йил 9 июлга белгиланган. Давлат раҳбари лавозимига қуйидаги номзодлар рўйхатга олинган: Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва «Миллий тикланиш» партиясидан Шавкат Мирзиёев, Экологик партиядан Абдушукур Ҳамзаев, Халқ демократик партиясидан Улуғбек Иноятов, «Адолат» партиясидан Робахон Махмудова.
Сайловлар жорий йил 1 майидан кучга кирган Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири қабул қилинганидан кейин эълон қилинди. Унда президентлик муддатини беш йилдан етти йилгача узайтириш кўзда тутилган.
Сайлов кампанияси 10 май куни, сайловолди ташвиқоти 7 июнь куни бошланди.