Қирғизистон бундан бир йил олдин ҳарбий комиссариатга ўт қўйган фаолни Россияга депортация қилди

Алексей Рожков. Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат

Қирғизистон махсус хизмати 2022 йил март ойида Свердловск вилоятидаги ҳарбий комиссариатга ўт қўйишга уринганликда айбланаётган россиялик фаол Алексей Рожковни уйига жўнатиб юборди, деб хабар қилади «Зона солидарности» («Бирдамлик ҳудуди») Telegram-канали.

Фаол май ойининг охирида депортация қилинган, бироқ бу факт жамоатчиликка энди маълум бўлди. Ҳозирда Березовский (Екатеринбург чеккаси)даги тергов изоляторида сақланаётган Рожков адвокати Комил Исабеков орқали мамлакатдан қандай чиқариб юборилганини гапириб берган.

Ўтган йили ўз ватанида жиноий жавобгарлик бўйича таъқибдан Қирғизистонга қочиб кетган россияликнинг сўзларига кўра, 29 май куни у вақтинча регистрация муддатини узайтирган. Эртаси куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари у ижарада турган уйга бостириб кириб, россияликни қўлга олишган.

«Техник ускуналарни дарҳол тортиб олишди. Улар менга ҳамма нарсаларимни ўзим билан олиб кетишимни айтишди, лекин йиғишга фурсат беришмади. ИИБ бўлимига олиб келишди. Қўшни хоналарда қийноққа солинаётган одамларнинг қичқириғи тез-тез ва тинимсиз эшитиларди. Агар ҳамкорлик қилмасам, мени ҳам қийнашларини айтиб, қўрқитишди», — деб эслайди Рожков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси вакиллари билан кечган «мулоқот» ҳақида.

Сўроқдан сўнг россияликни аэропортга олиб боришади, у ердан фуқаролик кийимидаги разведкачилар ҳамроҳлигида уни Россияга олиб кетишган. Рожковнинг қўшимча қилишича, Россия Федерациясида уни «одатдагибек ФСБ, бошга ҳалта кийдириб, шокер билан» кутиб олишган.

Россия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Рожков Украинада МҲО (махсус ҳарбий операция)нинг бошланишига норозилик сифатида биринчилардан бўлиб ҳарбий комиссариатга ўт қўйган шахс ҳисобланади. У ҳибсга олинган ва қотилликка уринишда айбланган, чунки унинг ҳаракати пайтида бинода гўёки аёл қоровул бўлган ва фаол бундан хабардор бўлган. Аммо кейинчалик бу модда мулкка зарар етказиш тоифасига киритилган ва гумонланувчи тергов изоляторидан гаров эвазига озод қилинган. Ўтган йил охирида россиялик ноқонуний равишда мамлакатни тарк этиб, Қирғизистонга кўчиб ўтган.

Бу Марказий Осиё давлатларидан жиноий жавобгарлик учун Россияга депортация қилинаётган биринчи шахс эмас. Шундай қилиб, 2022 йил декабрь ойида Қозоғистон МҲОга қарши бўлган ва унда иштирок этишни истамаган Федерал хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Михаил Жилинни РФ ҳукуматига топширган. Россиялик чегарани ноқонуний кесиб ўтган ва Қозоғистонда қочқин мақомини олишни мақсад қилган. Унинг сўрови рад этилган, Россия Федерациясига депортация қилинган, у ерда Жилинга нисбатан қочқинлик бўйича иш очилган.

Шунингдек, чегарани ноқонуний кесиб ўтган Қалмиғистондан сафарбар қилинган Игорь Санджиев айни дамда Қозоғистоннинг Уралск шаҳрида эканлиги маълум. Қозоғистонда у Россияга депортация қилинишга ҳукм қилинган. Бироқ, Санджиев ушбу қарорга эътироз билдирган — у қочқин мақомини беришдан бош тортган маҳаллий ҳокимиятни судга берган ва янги суд жараёнини кутмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ