Ўзбекистонда 2023 дан 2027 йилга қадар жами 105 минг га майдонида янги тутзорлар барпо этилади. Бу президентнинг «Пиллачилик соҳасида касаначиликни қўллаб-қувватлаш ҳамда пилла етиштириш учун озуқа базасини янада кенгайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда кўзда тутилган.
Янги тутзорлар барпо қилиш учун ер участкалари 10 га майдондан кам бўлмаган ўлчамда пиллачилик кластерлари, пиллачилик ва тутчилик йўналишидаги фермер хўжаликларига, истисно тариқасида, инвестиция шартномаси ёки ДХШ тўғрисидаги битимга мувофиқ ижара ҳуқуқи асосида ажратилади.
Пиллачилик хўжалигига бириктирилган ер участкасида тут дарахтлари йўлакларига сабзавот, картошка, полиз, дуккакли ва мойли экинлар, гул, ўт, доривор ўсимликлар, маккажўхори экишга рухсат берилади.
Жорий йилнинг июн ойидан бошлаб жойларда қуйидагилар ташкил этилади:
👉 ипак қуртини парваришлаш, етиштирилган пилла хомашёсини харид қилиш, қайта ишлаш, қўшилган қиймат занжирини яратиш, тайёр маҳсулотни ички бозорга йўналтириш ва экспорт қилиш билан шуғулланадиган янги пиллачилик кластерлари яратилади.
👉 тут кўчатларини етиштириш, тутзорларни барпо қилиш, ипак қуртини парваришлаш, пилла хомашёсини тайёрлаш билан шуғулланадиган пиллачилик ва тутчилик йўналишидаги янги фермер хўжаликлари ташкил этилади.
Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай меҳнати ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига, шунингдек ҳокимлар ёрдамчиларига ипакчилик хўжаликлари фаолиятини оилавий пудрат асосида ташкил этиш топширилди.
1 июндан бошлаб:
▶️ касаначилар, пиллачилик уй хўжаликлари ҳамда фермер хўжаликларига ипак қурти уруғи ва уни парвариш билан боғлиқ ресурслар, жумладан тўшама қоғоз, термометр, полиэтилен плёнка, психирометр (инкубаториялар учун) ва бошқа зарурий ресурслар пиллачилик кластерлари томонидан бепул берилади;
▶️ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан майдони 10 га ва ундан зиёд гектардаги тутзорларга сув чиқариш учун бурғиланган қудуқ, шунингдек, дарёлар, каналлар ҳамда бошқа сув ҳавзаларидан сув тортиш учун насос станциясини қуришга ҳар бир метри учун 600 минг сўмдан ($53), аммо 120 млн сўмдан ($10,5 минг) ошмайдиган миқдорда субсидия ажратилади.
▶️ пиллачилик уй хўжаликлари, пиллачилик ва тутчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари ва пиллачилик кластерларига -тут етиштириш учун зарур бўлган моддий-техник ресурслар, шу жумладан уруғлик ва кўчат етказиб бериш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги хизматларини кўрсатиш учун, қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчиларга, шу жумладан пиллачилик кластерларига — тайёрланган (етиштирилган) пилла хомашёсини харид қилиш учун талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдириш учун 14 % ставкада қарз маблағларини ажратилади.
Касаначиларга яшаш жойларида ипак қурти уруғини парвариш қилиш учун қуртхона қуриш, шунингдек, қайта ишловчи, сақловчи, экспорт қилувчилар ва пиллачилик кластерларига тайёрланган (етиштирилган) пилла хомашёсини сақлаш, саралаш, қайта ишлаш цехларини қуришга 10 йил муддатга, йиллик 14% ставкада маблағлар ажратилади.
ℹ️ Халқаро ипакчилик комиссияси International Sericultural Commission (INSERCO) нинг 2021 йил учун маълумотларига кўра, Ўзбекистон ипак етиштириш бўйича дунёда Хитой ва Ҳиндистондан кейин учинчи ўринда туради. Республика ипакчилик саноатида 3 триллион сўмлик (265 миллион доллар) дан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, салкам 110 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинмоқда. Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига 123,8 миллион дона тут кўчати экиш, 26 минг тонна пилла етиштириш топширилди.