Россиялик футболчи Қозоғистон паспортини олди ва миллий терма жамоага таклиф этилди

Александр Зуев. matchtv.ru сайти фотосурати

Россия «ёшлар жамоаси»нинг собиқ футболчиси, Самаранинг «Крылья Советов» ярим ҳимоячиси Александр Зуев Қозоғистон паспортини олди ва мамлакат терма жамоасига чақирилди. Бу ҳақда Қозоғистон футбол федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Қозоғистон терма жамоаси устози россиялик Магомед Адиев Европа чемпионати – 2024 саралаш босқичи ўйинлари арафасида Зуевни терма жамоа йиғинига чақирган. Александр жароҳатидан тикланишга улгурмаган Аслан Дарабаев ўрнини эгаллайди.

Қозоғистон қонунчилигига кўра, фуқароликка ариза берилганда ва ундан ҳам кўпроқ терма жамоага чақирилганида Зуев РФ фуқаролигидан воз кечиши шарт эди. Шу йилнинг баҳорида хоккей бўйича Қозоғистон миллий терма жамоасида ўйнаган аввалроқ фуқароликка қабул қилинган хорижликлар, жумладан россияликлар ҳам худди шундай танловга дуч келишди.

Зуев қозоғистонлик мухлисларга ҳам мурожаат қилди, зеро уларнинг ҳаммаси ҳам футболчининг фуқароликка қабул қилиниши ва унинг терма жамоага чақирилишидан хурсанд эмасди.

«Дўстлар, мен Қозоғистон паспортини расман олдим ва энди ватаним учун кейинги ўйинларда Сан-Марино ва Шимолий Ирландияга қарши ўйнашим мумкин. Мен аллақачон Қозоғистондаман, яқин кунларда терма жамоада биринчи машғулотни ўтказаман. Сўнгги ойларда ижтимоий тармоқларда кўплаб хабарлар учун қозоғистонлик мухлисларга катта раҳмат, сиз ҳам қароримга таъсир қилдингиз. Мен сизнинг қўллаб-қувватлашингизни юракдан ҳис қиляпман ва чиндан ҳам сизларни ҳурсанд қилишни хоҳлайман. Берилган имконият учун федерацияга катта раҳмат. Қозоғистон терма жамоасида ўйнаш мен учун катта шараф ва жамоамизга фойда келтириш учун бор кучимни ишга соламан. Олға, Қозоғистон!» — деб ёзади Зуев ўзининг Telegram-каналида.

Александр Зуев асли қўстанайлик. У ерда футбол ўйнашни бошлаган. 2005 йили, Александр 9 ёшда бўлганида унинг оиласи Челябинскка кўчиб ўтади ва у ерда Зуев маҳаллий академияда ўқишни давом эттиради. 2009 йили Зуев Москванинг «Чертаново» клубига кўчиб ўтади.

У ўзининг профессионал карьерасини 2013 йилдан 2018 йилгача Москванинг «Спартак» клубида давом эттиради. Россия чемпиони бўлган. Шунингдек, бу вақт давомида Зуев «Крылья Советов» ва «Ростов»да ижара асосида ўйнаган, футболчи «Спартак» билан шартномасини якунлаган. 2019 йили у Қозоннинг «Рубин» клубига ижарага берилади ва кейинги йили клуб билан доимий шартнома имзолайди.

Зуев 2022 йили «Химки»да ўйнаган бўлса, шу йил бошидан «Крылья Советов» да ўйнашни бошлаган. Россиянинг турли ёшдаги ёшлар терма жамоаларида у 70 та ўйин ўтказиб, 17 та гол урган.

Transfermarkt маълумотларига кўра футболчининг нархи 1 миллион еврони ташкил қилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ