Шимолий Қозоғистон вилоятининг Петропавловск шаҳар суди маҳаллий яшовчи Татьяна С.ни чат-рулеткада Қозоғистоннинг бир қисмини Россияга қўшиб юбориш тўғрисидаги ҳазиломуз илтимосидан сўнг уни сепаратизмда айбдор деб топиб, уч йилга озодликдан маҳрум қилди. Жараён 30 май куни якунига етган, бироқ у бугун маълум бўлди, дея аниқлик киритади «Петропавловск.news».
Нашрнинг ёзишича, 2021 йил сентябрида Татьяна ўз қариндоши билан чат-рулеткага киришади, у ерда дастур тасодифий равишда суҳбатдошни танлайди. Аёллар «Сиз кимни мамлакатингиз президенти сифатида кўришни ҳоҳлайсиз?» мавзусида сўровнома ўтказишга таклиф қилган нотаниш одамга дуч келишади.
Петропавловсклик аёллар жамоатчилик фикрини ўрганиш ташаббускори томонидан балл олган Владимир Путин ва Нурсултон Назарбоевни танлайди. Кейинчалик Татьяна суҳбатдошидан қаерданлигини сўрайди. Унинг Россиядан эканлигини билиб, у шундай иборани айтади: «Бизнинг Петропавловскни, Шимолий Қозоғистон вилоятини Қрим каби ўзингизга қўшиб олинг». Россиялик тезда суҳбатни тугатади.
Бироқ, ўша куни Koz Asu YouTube каналида қозоғистонлик аёл суҳбатдошидан «Петропавловскни қўшиб олинг» дея сўраган мазкур диалог видеосини эълон қилади.
2023 йил январь ойида расмийлар мазкур факт бўйича тергов бошлайди, иш судгача етиб боради. Психологик ва филологик экспертиза Татьяна С.нинг баёнотлари «фуқаролик ва сиёсий хатти-ҳаракатларнинг аксилконституциявий турини тарғиб қилишини» аниқлайди.
Петропавловсклик фуқаро ўз айбини қисман тан олади. У судда унинг сўзлари оммага ошкор бўлиб қолишини билмаслигини айтади, чунки ҳеч ким ундан чат рулетдаги видеони тарқатиш учун рухсат олмаган.
Шунга қарамасдан суд уни Қозоғистон Жиноят кодексининг 180-моддаси («Сепаратистик фаолият») билан айбдор деб топган ва уч йилга озодликдан маҳрум қилган. Қайд этилишича, ушбу муддат бундай жиноятлар учун назарда тутилган энг кам (беш йил) жазо муддати ҳисобланади. Суд енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олган: Петропавловсклик аёлнинг вояга этмаган фарзанди ва ногирон эри бўлган.