Қирғизистонлик бир гуруҳ альпинистлар Шимолий Американинг энг баланд нуқтаси – Аляскадаги Денали чўққисига чиқишди. Бу ҳақда АКИpress хабар берди.
Гуруҳ таркибига Қирғизистон альпинизм федерацияси президенти Эдуард Кубатов, Давлат спорт агентлиги директорининг собиқ ўринбосари Канатбек Арпачиев ва профессионал тоғ гиди Андрей Эрохин кирган.
Чўққини забт этиш 4 июнь куни соат 15:30 да содир бўлди.
«Тадбир Қирғизистон ва АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланади», — деб ёзган Кубатов ўзининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, Кубатов 2021 йили Эверестни забт этган биринчи этник қирғиз бўлади.
Денали чўққиси — Алясканинг жануби-марказидаги икки бошли тоғ. Денали миллий боғининг марказида жойлашган. Чўққининг баландлиги 6190 метрни ташкил этади, бу Шимолий Америкадаги энг баланд тоғдир.