Ўзбекистон Макроиқтисодиёт ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) аёлларга кир ювиш машинаси сотиб олиш учун имтиёзли кредит жорий этишни таклиф қилди.
МҲТИ таҳлилчилари кир ювиш машинасининг ўзбек аёлларининг иқтисодий ва ижтимоий фаоллигига таъсирини ўрганишган. Уларнинг аниқлашича, уй хўжаликларини бундай қурилмалар билан таъминлашнинг 1 фоизга ошиши иқтисодий фаол аёллар сонини 1,9 фоизга ёки 122 минг кишига кўпайтиради.
Кир ювиш машиналаридан фойдаланиш аёлларнинг ҳафтасига ўртача 4 соат вақтини тежайди.
«Бу вақтни аёллар фарзандлари билан уй вазифаларини бажаришга сарфлаши мумкин. Тадқиқот натижаларига кўра, оналарнинг фарзандларига кўпроқ вақт ажратиши уларнинг математика ва она тили фанларини ўзлаштиришига ижобий таъсир қилган», — дейди МҲТИ лойиҳа раҳбари Муҳаббат Аҳмедова.
Таҳлилчиларнинг аниқлашича, Ўзбекистонда аёлларнинг иқтисодий фаоллиги бошқа давлатларга нисбатан 43 фоизга паст.
«Бунинг асосий сабаби улар кўп вақтини уй ишларига сарфлашидир. Тадқиқот натижаларига кўра, иқтисодиётда банд бўлган ўзбек аёллари уй ишларига кунига 4 соат вақт ажратади . Ўзбек аёлларининг бўш вақти жуда оз эканлигини исботловчи яна бир кўрсаткич уларнинг фарзандларига кўп вақт ажрата олмаслигидир. Мисол учун бор йўғи 36,8% аёллар фарзандларига турли хил китобларни ўқиб беришини, 37,4% аёллар фарзандлари билан ўйинлар ўйнаб, дам олишини билдирган”,— дейди Аҳмедова.
Статистика агентлигининг уй хўжаликлари сўровида кир ювиш машиналарининг тури (автомат, ярим автомат) ёки қандай мақсадларда фойдаланилиши (қишлоқларда сутдан қаймоқни ажратиш мақсадларида ҳам фойдаланилади) сўралмайди ва шаҳар-қишлоқ кесимида маълумотлар келтирилмайди. Шунинг учун уй хўжаликларининг 100 тадан 96 тасида автомат кир ювиш машинаси бор ва улардан айнан кир ювишда фойданилади, дейиш бироз мушкул.
Бугунги кунда Ўзбекистонда маиший техника сотиб олиш учун кредит бўйича фоиз ставкаси камида 25 фоизни ташкил этади, бўлиб-бўлиб сотиб олаётганда эса ортиқча тўлов товар қийматининг 40 фоизигача етади. Автоматик кир ювиш машиналаридан фойдаланиш мамлакат аҳолисининг иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётига ижобий таъсир кўрсатаётганини инобатга олиб, хотин-қизларга бундай қурилмани Марказий банк томонидан белгиланган қайта молиялаш ставкасига тенг фоиз ставкаси билан харид қилиш учун махсус кредит ажратишни йўлга қўйиш лозим, деб ҳисоблайди МҲТИ.