Қозоғистонда «Семей ўрмони» қўриқхонаси раҳбарлари порахўрликда айбланди

Astana-TV видеосидан кадр

«Семей ўрмони» давлат ўрмон қўриқхонаси уч нафар раҳбарининг ҳар бири 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш хизмати матбуот хизмати хабар берди.

Ҳукм 29 май куни Абай вилояти жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди томонидан чиқарилган. Судланувчилар уюшган жиноий гуруҳ тузиш ва унда қатнашиш ҳамда тадбиркорлардан 700 минг тенгедан 13 миллион тенгегача (1600 доллардан 29 минг долларгача) мунтазам равишда пора олишда айбдор деб топилган.

«Улар мансабдор шахсларга қўриқхона ҳудудида санитария тозалаш ва дарахтларни кесиш учун рухсатномалар берганликлари, давлат харидлари бўйича шартномаларни монеликсиз имзолаганликлари, шунингдек умумий «ҳомийлик» қилганликлари учун жазоланишди», — дея қўшимча қилади Антикор матбуот хизмати.

Барча маҳкумлар давлат хизматида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида, молия ташкилотларида ва квазидавлат секторида лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан умрбод маҳрум этилади.

Маҳкумларнинг исм-шарифлари кўрсатилмаган.

Коррупцияга қарши кураш хизмати 2021 йил июнь ойида порахўрлик факти бўйича «Семей ўрмони» қўриқхонаси мансабдор шахсларига нисбатан судгача тергов ўтказилгани ҳақида хабар берганди.

ℹ️ Иртиш минтақасидаги ноёб лентали ўрмонларни сақлаш ва тиклаш мақсадида 2003 йил январь ойида «Семей ўрмони» давлат ўрмон қўриқхонаси ташкил этилган. Қўриқхонанинг умумий майдони 655 минг гектардан ортиқ. Ҳудуд ўсимлик турларининг ўзига хос комбинацияси билан ажралиб туради: у дашт, ўрмон, чўл, бутазор, ўтлоқ ва ботқоқликдан иборат.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ