ОАВ: Тозалаш иншоотлари ишдан чиққани сабаб Туркманистон Хитойга олтингугуртдан тозаланмаган газни етказиб бера бошлаган

"Галкиныш" газ конденсати кони. oilgas.gov.tm сайти фотосурати

Туркманистон бир неча кундан бери Хитойга олтингугуртдан тозаланмаган газ етказиб бермоқда. Бунга Галкиниш газ конидаги тозалаш иншоотларининг ишдан чиқиши сабаб бўлди, деб ёзади Turkmen.News «Туркмангаз» давлат концернидаги манбага таяниб.

17 майга ўтар кечаси Хитойнинг CNPC компанияси мутахассислари Туркманистон ва Ўзбекистон чегарасида товар газида олтингугурт борлигини аниқлаган. Маълум бўлишича, Туркманистон томони газ қувури орқали газни олтингугуртдан тозаланмасдан Хитойга жўната бошлаган, бу эса қувурларга зарар етказади. Нашр манбасига кўра, тўрт кун давомида 80 километр узунликдаги газ қувурининг Ўзбекистондаги қисмида сизиб чиқишлар қайд этилган.

CNPC Туркманистондан муаммони ҳал қилишни ва айбдорларни жазолашни талаб қилиб, компенсация талаб қилиш ниятидан огоҳлантирган. 20 май куни «Туркмангаз» раҳбарияти хитойлик ҳамкорларга носозликни таъмирлаш ҳақида маълум қилган. Аммо Turkmen.News манбаларининг таъкидлашича, бу гап тўғри эмас ва газ фақат 20 фоизга тозаланган.

Нашр манбаларига кўра, газ тозалаш иншоотларининг ишдан чиқишига реактивлар ва эҳтиёт қисмларнинг ўз вақтида сотиб олинмагани, шунингдек, кадрлар етишмаслиги сабаб бўлган: яқинда бир неча ихтисослашган мутахассислар Галкиниш конини тарк этишган.

Газ тозалаш иншоотларининг олтингугуртдан бузилиши факти бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида «Галкиниш»дан Ўзбекистонга газ етказиб беришда узилишлар юзага келган эди. Бунга конга қарашли коммуникациялар ичида гидрат ҳосил бўлиши сабаб қилиб кўрсатилганди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу қаттиқ совуқларда содир бўлади ва форс-мажор ҳисобланади. Орадан бир неча кун ўтиб газ юбориш қайта тикланган.

Норасмий маълумотларга кўра, Тошкент Ашхободдан катта миқдорда пул компенсацияси талаб қилган, аммо якунда Ўзбекистон томони етказилган зарар эквиваленти ҳисобида суюлтирилган газ олишга кўндирилган. Ўзбекистон энергетика вазирлиги бу маълумотни рад этади.

Газ таъминотидаги узилишлар бўйича «Туркмангаз»нинг олти нафар ходими ҳибсга олинган, «Туркмангаз» компанияси раисининг собиқ ўринбосари Атамурат Чариев эса саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Компания раҳбари Ботир Аманов президент Сердар Бердимуҳамедовдан қаттиқ танбеҳ олган ва тез орада Бош вазирнинг ёқилғи-энергетика комплекси бўйича ўринбосари этиб тайинланган. Май ойи ўрталарида «Туркмангаз»га аввали давлат концерни раиси лавозимида ишлаб келган Мақсат Бабаев раҳбарлик қила бошлаган.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди