Қирғизистондаги «Акнет» провайдери асосчиси давлат маблағларини ўзлаштиришда айбланиб, етти йилга озодликдан маҳрум этилди

Кубан Ажимудинов. nazarnews.org сайти фотосурати

Қирғизистоннинг «Акнет» компанияси асосчиси ва собиқ раҳбари Кубан Ажимудинов етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда 24.kg нашри хабар беради.

Бундай қарор Бишкекнинг Первомайский туман суди томонидан қабул қилинган. Ажимудинов Қирғизистон Жиноят кодексининг 2017 йилда киритилган таҳририга кўра, 205-моддаси («Ишончга топширилган мулкни ўзлаштириб олиш ёки растрата қилиш»)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан қамоқ жазоси берилган. Шунингдек, у солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айбдор деб топилган, бироқ ушбу моддалар бўйича жиноий жавобгарликка тортишнинг даъво муддати ўтгани боис ҳеч қандай жазо қўлланилмаган.

Ажимудинов Жиноят кодексининг 2017 йилда ўзгартирилган яна учта моддаси: 233 («Акциядорлик жамиятлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларни бузиш»), 253 («Қурол, ўқ-дориларнинг ноқонуний айланиши») ва 359 («Ҳужжатларни қалбакилаштириш») моддалари бўйича айбсиз деб топилган.

Кубан Ажимудинов 2019 йил май ойида ҳибсга олинган. Тергов маълумотларига кўра, 2017 йили «Акнет» интернет провайдери абонент тўлови сифатида 1 миллиард сўмдан ортиқ (14,3 миллион доллар) олган, бироқ 195 миллион сўм (2,8 миллион доллар) миқдорида соф фойда кўрсатилган. Қолган сумма харажатлар ҳисобига киритилган. Бироқ, аслида харажатлар камроқ эканлиги маълум бўлган. Натижада бюджетга 150 миллион сўм (2,1 миллион доллар) солиқ тушмаган.

Терговчилар провайдерга алоқадор 11 фирмани аниқлаганлар. Маълум бўлишича, 2016-2018 йиллари улардан бири «Строй сети» компанияси ҳисоб рақамларига амалда кўрсатилмаган хизматлар учун 101 миллион сўм (1,5 миллион доллар) ўтказган.

2018 йил ноябрь ойида «Акнет» офисида тинтув ўтказилади ва рақамли телевидение фойдаланувчилари экранларда компанияни босқинчилар томонидан эгаллаб олингани ҳақидаги хабарни кўришади. Кейинчалик маълум бўлишича, компания ҳаммуассисларидан бири Руслан Абдумазитов солиқ тўлашдан бўйин товлаш схемалари ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар берган. Унинг айтишича, бизнес шериги Кубан Ажимудинов ҳокимиятни тортиб олган ва ҳаммани бошқарувдан четлатган. Бунга жавобан Ажимудиновнинг яқинлари компанияни айнан Абдумазитовнинг якка ўзи бошқарганини айтишган. Улар уни ҳуқуқ-тартибот идоралари иштирокида «цирк уюштирганликда» айблашган.

Январь ойида провайдер 150 миллион сўм миқдоридаги зарарни қоплагани маълум бўлган ва шу муносабат билан тергов тўхтатилган. Бироқ, март ойида Бош прокуратура «Акнет»даги вазият бўйича терговни тўхтатиш қарорини бекор қилади, шундан сўнг ишларни Ички ишлар вазирлиги ўз зиммасига олади ва гумондорларни ҳибсга олишга қарор қилади.

2021 йил апрель ойида Ажимудинов уй қамоғига юборилган, бироқ кейин яна Бишкекдаги СИЗО-1га жойлаштирилган.

Ҳукм эълон қилингач, Ажимудинов суд залида қамоққа олинган. Унинг 2019 йил май ойидан 2021 йил апрелигача тергов изоляторида бўлган муддати бир суткаси икки суткалик қамоқ жазоси муддатига киритилган. Уй қамоғидаги муддат ҳам жазони ўташ вақтига киритилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ