Ўзбекистон мактабларида информатика фани биринчи синфдан ўргатилади

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова 22 майдаги тақдимотда. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Янги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон мактабларининг биринчи синфлари ўқув дастурида информатика фани киритилади. Бу ҳақда 22 май куни давлат раҳбарига мактабгача ва мактаб таълими тизимини ривожлантириш бўйича қилинган таклифлар тақдимоти якунларига асосланиб Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Мактабларда халқаро тажрибага асосланган янги ўқув дастурлари босқичма-босқич жорий этилади. Ўрта мактабдаги фанлар сони 16 тадан 11 тага қисқартирилади, ўрта мактаб ўқувчиларига мажбурий фанлардан ташқари қуйидаги комбинациялардан ихтисосликни танлаш таклиф этилади: кимё – биология, математика – физика, тарих – ҳуқуқ, она тили ва адабиёти – чет тили.

«Ҳозирда мавзуларнинг 70 фоизи кундалик ҳаёт билан боғланмаган. Энди фанларнинг амалий машғулотлар улуши 40 фоиздан 60 фоизгача оширилади. Бунда мавзулар аниқ муаммони ҳал қилиш орқали ўргатилади, амалиёт дарслари эса лойиҳани бажариш шаклида ўтказилади», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Таълим тизимини ўзгартириш, уларнинг малакасини ошириш ва педагог кадрларни рағбатлантириш доирасида, жумладан:

👉 Туман (шаҳар) бўлимларининг мактаблар фаолиятини текшириш ва таълим сифатини баҳолаш ваколатлари тугатилади;

👉 Хусусий мактабларни ташкил қилишда қўйилган талаблар енгиллаштирилади;

👉 Малакали раҳбарлар муҳитини шакллантириш мақсадида ҳудудларда энг тажрибали директорлардан иборат “Директорлар кенгаши” ташкил этилади. Энди мактаб директорлари лавозимга мазкур кенгаш тавсияси билан очиқ танлов асосида тайинланади;

👉 Мактабларни малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида педагогларни сертификатлаш тизими йўлга қўйилади. Яъни, ишга кираётган педагог 1 йил давомида ўқитувчи-стажёр сифатида фаолият юритиб, шу муддатда сертификат олиши керак бўлади;

👉 Ўқитувчиларга малака тоифасини бериш бўйича синовлар 2 босқичда ташкил этилади. Биринчи босқичда талабгорнинг мутахассислик фани бўйича билими, иккинчисида педагогик маҳорати баҳоланади. Малака сертификати олган педагогларнинг ойлик маошига 70 фоизгача миқдорида устама тўланиши мумкин.

👉 Шунингдек, боғчаларга малакали тарбиячиларни жалб қилиш учун 2024 йил 1 июндан уларнинг иш ҳақи ставкалари мактаб ўқитувчилариникига тенглаштирилади.

👉 Умумтаълим мактабларига бюджетдан ташқари маблағлардан эркин фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Янги ўқув йилидан Ўзбекистондаги болалар боғчаларида «Гимнастикага биринчи қадам», бошланғич синфларда «Болалар учун гимнастика» дастури жорий этилиши ҳақида аввалроқ хабар берилган эди. Бундан ташқари, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб республиканинг ҳар бир туман ва шаҳридаги мактаблардан бирида иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунар бўйича мажбурий таълимни тажриба тариқасида жорий этиш режалаштирилган. Республиканинг барча мактабларида бошланғич синф ўқувчилари бепул овқат билан таъминланиши керак.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ