Ўзбекистон ҳукумати нашидлар ва Tik-Tokдаги айрим аккаунтларни экстремистик материаллар рўйхатига киритди

Тақиқланган материаллар рўйхатидан фрагмент. Дин ишлари бўйича кўмита Telegram-каналидан олинган иллюстрация

Ўзбекистон Олий суди экстремистик деб топилган ва мамлакатда тарқатилиши тақиқланган материаллар, веб-сайтлар ва бошқа каналлар рўйхатини янгилади. Унда, жумладан Республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг Телеграм-каналида эълон қилинган рўйхатда нашидлар ва Tik-Tok даги аккаунтлар ўрин олган.

Қўмита тегишли маълумотлар 2023 йил 17 май ҳолатига кўра жорий эканлигини таъкидлайди.

Тақиқланган материаллар рўйхати график шаклда келтирилган ва тўрт саҳифани ўз ичига олади. Ҳаммаси бўлиб бир неча юзлаб пунктлар мавжуд. Жумладан, тўртта нашид (мусиқий чолғу жўрлигисиз эркак ёки хор томонидан анъанавий тарзда ижро этиладиган диний қўшиқ), Tik-Tok даги 13 та аккуант ва 20 га яқин китоблар мавжуд.

Рўйхатда тақиқланган контентнинг катта қисми Ўзбекистонда машҳур бўлган Telegram мессенжерига тўғри келади.

Шунингдек, Facebook, Instagram (бу иккала ижтимоий тармоқ РФда экстремистик деб тан олинган Меtа корпорациясига тегишли), YouTube ва «Одноклассники» ижтимоий тармоғида веб-сайтлар, аккаунтлар бор.

Илгари нашид билан боғлиқ бир неча жиноий иш қўзғатилган эди. Январь ойи охирида тошкентлик талаба Сардор Раҳмонқулов интернетда диний ашулаларни тарқатгани учун беш йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Бироқ, орадан бир ой ўтиб, ҳукм шартли жазо билан алмаштирилди ва у ҳибсдан озод қилинди.

Май ойида талаба Жаҳонгир Улуғмуродов уч йилга озодликдан маҳрум этилди. Суд материалларига кўра, у чатдаги танишларига «Шаҳид бўлсак, рози бўл» деган нашид ҳаволасини юборган.

2018 йили Ўзбекистон ҳукумати «Интернетда экстремистик, тарғибот ёки нафрат қўзғотувчи контентларни тарғиб қилувчи» оммавий ахборот воситаларини блокировка қилишга рухсат берувчи қарор қабул қилганди. 2019 йил май ойида Адлия вазирлиги экстремистик деб тан олинган 42 та ахборот ресурслари рўйхатини эълон қилди.

Кейинчалик рўйхат янги пунктлар билан тўлдирилди. Масалан, ўтган йил январь ойида эълон қилинган янгиланган рўйхатда 166 та сайт, канал ва аккаунтлар мавжуд эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ