Ўзбекистонлик футболчи қизлар 2024 йилги Олимпиада саралаш босқичидаги ўз рақибларини билиб олдилар

Футбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси. uz.sputniknews.ru сайти фотосурати

Куала-Лумпурда аёллар футболи бўйича Олимпиада – 2024 иккинчи саралаш босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди, маълумки унда Ўзбекистон аёллар терма жамоаси иштирок этади.

Иккинчи саралаш босқичида 12 та жамоа уч гуруҳга бўлинган ҳолда иштирок этади.

Қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси С гуруҳидан жой олди ва унда Япония, Вьетнам ва Ҳиндистон каби рақиблар билан баҳс олиб боради.

А гуруҳида Австралия, Тайван, Филиппин ва Эрон, В гуруҳида эса Хитой, Жанубий Корея, Таиланд ва Шимолий Корея ўрин олган.

Эслатиб ўтамиз, саралаш марказлашган форматда 23 октябрдан 1 ноябрга қадар ўтказилади. С гуруҳи ўйинлари Тошкентда бўлиб ўтади.

Ўз гуруҳларида биринчи ўринларни эгаллаган жамоалар, шунингдек иккинчи ўринни эгаллаган энг яхши жамоа саралашнинг якуний босқичига йўл олади. Якуний босқичда тўртта жамоа 2024 йили Парижда бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига иккита йўлланма учун кураш олиб боради.

ℹ️ ХХХIII ёзги Олимпия ўйинлари Парижда 26 июлдан 11 августгача бўлиб ўтади. Аёллар футболи мусобақасида 12 та жамоа иштирок этади, улардан иккитаси осиёлик.

Футбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 2003 йилдан бери Олимпия ўйинларида қатнашмаган ва Осиё Кубогига чиқа олмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ