Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) бошқа ташкилотлар билан биргаликда ACWA Power Wind Karatau компаниясига Қорақалпоғистонда 100 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш учун 19,3 миллион доллар кредит ажратади, деб ёзади UzDaily.uz.
Таъкидланишича, ушбу лойиҳада ЕТТБнинг ҳамкорлари Франциянинг Proparco тараққиёт агентлиги ва Германиянинг Deutsche Investitions- und Entwicklungsgesellschaft молиявий ёрдам ташкилоти ҳисобланади.
Нукусдаги янги шамол электр станцияси генераторлари ҳар йили қайта тикланадиган манбалардан 300 ГВт/соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқаради, бу эса йилига 178 минг тоннадан ортиқ карбонат ангидрид гази чиқиндилари ҳавога тарқатишини олдини олади.
ЕТТБнинг қўшимча қилишича, ушбу лойиҳа шамол электр станцияларини қуриш бўйича буюртмаларни танлов асосида жойлаштириш дастури доирасидаги биринчи лойиҳадир. Шу билан бирга, савдо ёпилишдаги нарх Марказий Осиё учун рекорд даражада паст бўлган, бу эса хусусий шамол энергетикасининг тижорат самарадорлигини исботлайди ва Ўзбекистонни қайта тикланадиган энергия салоҳиятини мустаҳкамлайди.
«Биз узоқ йиллик мижозимиз ACWA Power компаниясини ва Қорақалпоғистон Республикасидаги 100 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қўллаб-қувватлашдан фахрланамиз. Оролбўйи минтақаси шамол ва қуёш ресурсларидан фойдаланиш ҳисобига ўз иқтисодиётини тикламоқда», — дейди ЕТТБ Барқарор инфратузилма гуруҳи бошқарувчи директори Нандита Паршад.
Маълумки, айни дамда ЕТТБ Ўзбекистонда умумий қуввати 2700 МВт бўлган қайта тикланадиган энергия қувватларини яратишни молиялаштирган.
Ўтган йил август ойида Саудиянинг ACWA Power компанияси Қорақалпоғистонда 1,5 ГВт қувватга эга шамол электр станциясини қуришини эълон қилган ва бу дунёдаги энг йирик шамол электр станцияси бўлади.
Ўша пайтда компания Ўзбекистонда қиймати 2,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган бир қанча лойиҳаларни, жумладан Қорақалпоғистонда 100 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуришни амалга ошираётган эди. Эндиликда бу лойиҳани Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган, бироқ Саудия Арабистонининг бизнес гигантига тегишли бўлган ACWA Power Wind Karatau корхонаси амалга оширмоқда.