АҚШ суди ўзбекистонлик Сайфулло Соиповни саккиз карра умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди

Сайфулло Саипов. repost.uz сайти фотосурати

2017 йили Нью-Йоркда теракт содир этишда айбдор деб топилган Ўзбекистон фуқароси Сайфулло Соипов Америка суди томонидан саккиз карра умрбод қамоқ жазоси ва бир вақтнинг ўзида яна 260 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. АҚШ Адлия вазирлигига кўра, ҳукм 17 май куни чиқарилган.

Қарорни шарҳлар экан, Бош прокурор Меррик Б. Гарланд (Merrick B. Garland) шундай дейди:

«Ҳукм Сайфулло Соиповнинг ИШИД*нинг пухта режалаштирилган терактида саккиз нафар бегуноҳ жабрдийдани шафқатсизларча ўлдиргани учун бутун умрини федерал қамоқхонада ўтказишини билдиради».

Ўз навбатида, АҚШнинг Нью-Йорк жанубий округи прокурори Дамиан Уильямс (Damian Williams) «саккизта умрбодлик қамоқ жазоси Соиповнинг теракт содир этиш орқали саккизта инсон ҳаётига зомин бўлганини, 260 йил қамоқ жазоси эса 18 та қотилликка уриниш, жумладан тўрт нафар болани ўлдирганини англатади», дейди.

2023 йил январида ҳакамлар ҳайъати Ўзбекистон фуқароси Сайфулло Соиповни 2017 йили Нью-Йоркда теракт содир этганликда ва саккиз кишини ўлдирганликда айбдор деб топганди.

Март ойида Соипов устидан суд жараёнида иштирок этган ҳакамлар ҳайъати ўлим жазоси учун зарур бўлган бир овоздан ҳукм чиқара олмагани боис судланувчи умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши маълум қилганди.

ℹ️ Саифулло Соипов 1988 йил 8 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. 2010 йили у Green Card лотереясини ютиб олади ва АҚШга кўчиб ўтади. Танишлари уни диндорлиги билан ажралиб турмайдиган оддий одам сифатида тавсифлашган. АҚШда Соипов оила қуриб, юк машинаси ҳайдовчиси, кейинроқ Uber ҳайдовчиси бўлиб ишга жойлашади.

2017 йил 31 октабр куни Соипов пикап машинасини Гудзон дарёси соҳилидаги Нью-Йорк кўчаларидан бирида велосипедчилар учун ажратилган йўлак бўйлаб катта тезликда ҳайдаб, йўлида дуч келган одамларни бостириб кетади. АҚШ расмийлари теракт деб атаган ҳужум натижасида 8 киши ҳалок бўлган, 10 дан ортиқ киши жароҳатланган. Жиноятчининг ўзи яраланган ва ҳибсга олинган. Соипов «Ироқ ва Шом ислом давлати»* террорчилик гуруҳи мафкураси таъсирида ҳаракат қилганини тан олган.

*Юлдузча билан белгиланган ташкилотлар Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ