Хоккей бўйича жаҳон чемпионатида Қозоғистон терма жамоаси Швейцария ва Канадага йирик ҳисобда мағлуб бўлди

Қозоғистон — Канада ўйинидан лавҳа. smi24.kz сайти фотосурати

Қозоғистон терма жамоаси хоккей бўйича жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг учинчи ва тўртинчи турларида Швейцария ва Канада терма жамоаларига йирик ҳисобда мағлуб бўлди.

Марказий Осиё вакилларининг 16 май куни швейцарияликлар билан учрашуви 0:5 ҳисобида якунланганди. Бешинчи дақиқадаёқ қозоғистонликлар дарвозабони Шутов ўз дарвозасидан шайбани олиб чиқишга мажбур бўлди — Тобиас Гейссер шайба урди. Иккинчи бўлимда Фабиас Герцог ва Дамьен Риа, сўнгги 20 дақиқада Нино Нидеррайтер ва Ромен Леффель гол уришди.

17 май куни бўлиб ўтган Канадага қарши ўйин ҳам Қозоғистон термаси учун ниҳоятда омадсиз келди. Бояркин биринчи шайбани (ушбу ўйинда у дарвозани ҳимоя қилган) Маккензи Уигаранинг аниқ зарбасидан сўнг 20 секундда ўтказиб юборди ва 8 дақиқага келиб қозоғистонликлар 0:3 ҳисобида «учиб» кетишди — Лоусон Круз дубл қайд этди.

Ўйиннинг 10 дақиқасида Одил Бекетаев битта голни қайтарган бўлса, биринчи бўлим тугашига бир неча сония қолганида Жо Велено тўртинчи бор рақибларини ранжитди.

Канадаликларнинг бешинчи голи учинчи даврада содир бўлди — Сэмми Бле гол урди.

В гуруҳида тўрт турдан сўнг Қозоғистон терма жамоаси 2 очкога эга бўлиб, уч ўйиндан кейин 0 очко жамғарган Словения терма жамоасини ортда қолдириб, сўнгги ўринни эгаллаб турибди. Шу билан бирга, қозоғистонликлар плей-оффга чиқиш имкониятини сақлаб қолмоқда. Шундай қилиб, гуруҳдан чиқиш ҳуқуқини берувчи тўртинчи поғонани банд этган Латвия ҳисобида 5 очко бор. Норвегия ва Словакияда 4 очко бор, аммо словаклар захирасида бир ўйин бор.

19 май куни бешинчи турда Қозоғистон терма жамоаси Словакия билан баҳс олиб боради.

12-28 май кунлари Латвия ва Финляндияда хоккей бўйича 86-жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Мусобақада 16 та жамоа саккиз жамоадан иборат икки гуруҳга бўлинган ҳолда давра тизимида ўйнайди. Энг яхши тўртта жамоа медаллар учун курашни давом эттириш учун плей-офф босқичига йўл олади. Энг ёмон натижали жамоа эса синфда — I Дивизионга тушади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ