Самарқанд ЕТТБ экологик дастури доирасида электробуслар харид қилиш учун кредит олади

Тошкентдаги электробус. tashtrans.uz сайти фотосурати

Самарқанд Ўзбекистонда биринчи бўлиб Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) «Яшил шаҳарлар» дастурига қўшилди, унга кўра у электробуслар харид қилиш учун кредит олади. Бу ҳақда халқаро молия ташкилотининг матбуот хизмати хабар берди.

ЕТТБнинг аниқлик киритишича, бу шаҳарда янги турдаги жамоат транспортидан фойдаланишни назорат қилувчи SamarqandYo’lovchiTrans давлат корхонасига 49 миллион долларга яқин узоқ муддатли суверен кредит ажратилган. Маблағлар 100 тагача ўрта сиғимли, зарядловчи қурилмалари ўрнатилган электробуслар харид қилиш, шунингдек зарур инфратузилмани, жумладан депо, электр подстанцияси, маъмурий бинолар ва техник хизмат кўрсатиш иншоотларини яратишга йўналтирилади.

Лойиҳани амалга ошириш шовқин ва ҳаво ифлосланишини камайтиришга, жумладан CО2 ва бошқа зарарли моддаларни камайтиришга ёрдам беради, деб таъкидлайди ЕТТБ.

Электроавтобуслар харид қилиниши эвазига Самарқанднинг 560 мингга яқин аҳолиси экологик тоза жамоат транспортидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.

Янги автомашиналар парки ҳам катта аҳамиятга эга, чунки яқин йиллар ичида шаҳар аҳолиси сони икки бараварга кўпаяди. Бундан ташқари, Самарқанд сайёҳлар орасида тобора оммалашиб бормоқда ва электробуслар тор кўчалар ва ЮНEСКО томонидан қўриқланадиган тарихий ҳудудлар атрофидаги оғир тирбандликни энгишга ёрдам беради.

Шунингдек, ЕТТБ матбуот хизмати

бугунги кунга қадар банк Ўзбекистонда амалга оширилган 129 та лойиҳага 4 миллиард евродан ортиқ сармоя киритганини қўшимча қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ