Намангандаги аттракционда бошидан жароҳат олган 12 ёшли бола ҳалок бўлди

Истироҳат боғига кириш жойи. anhor.uz сайти фотосурати

Наманганда 12 ёшли мактаб ўқувчиси «Бобур» боғидаги аттракционда сайр қилаётганида бошидан жароҳат олиб, вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди.

Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси («Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш») билан жиноят иши қўзғатилган. Наманган шаҳар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тегишли тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда.

Куни кеча NAMANGANLIKLAR Телеграм канали вафот этган бола Учқўрғон туманидаги 8-мактаб ўқувчиси эканлигини маълум қилганди. У бир гуруҳ синфдошлари билан «Бобур» боғида дам олаётган бўлган.

Мактаб боласи айнан қайси аттракционда жароҳат олгани номаълум.

Шунга ўхшаш ҳодисалар аввал ҳам қайд этилган. 2019 йил сентябрь ойида Наманган шаҳар боғида 18 ёшли қиз Spin block қурилиши тугалланмаган аттракционда вафот этган эди. У аттракцион синовдан ўтказилаётган пайтда рухсатсиз кириб, бошини металл устунга уриб олган ва шу заҳоти вафот этган.

2020 йил бошида Фарғонадаги «Ал-Фарғоний» истироҳат боғида бир аёл вафот этганди. Booster Max аттракциони ишлаётган вақтда унинг қисмларидан бири тушиб кетади ва Тошлоқ туманида яшовчи фуқаронинг бошига келиб тушади. Жабрланувчи бош жароҳати билан касалхонага етказилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, аёл вафот этганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ