Ўзбекистон ҳукумати мутахассислар тайёрлаш учун тадбиркорлик субъектларига 1 миллиард доллар ажратади

yuz.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда 1 июндан «20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис» дастури ишга туширилади, уни амалга ошириш учун 2023-24 йиллари 1 миллиард доллар йўналтирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 15 май куни камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Тадбиркорлар кам таъминланган оилалардан бўлган фуқароларни ўқитиш ва иш билан таъминлаш билан шуғулланган тақдирда, дастур иштирокчиларига паст фоиз ставкаларида ва узоқ муддатга кредитлар бериш учун давлат бюджети маблағларидан фойдаланилади. Шу билан бирга, уларнинг «амалий мономарказ»ни ташкил этиш ва жиҳозлаш, шунингдек, касб-ҳунарга ўқитиш харажатлари тўлиқ қопланади.

Дастурда иштирок этадиган тадбиркорларга солиқлардан алоҳида имтиёзлар берилади. Жумладан, камида 20 фоиз камбағал оила аъзосини бир йил давомида иш билан таъминласа, мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилинади. 5 миллион сўмгача (438 доллар) иш ҳақи тўлаётган тадбиркорларга ижтимоий солиқ ставкаси 2 баравар камайтирилади. Камбағал оила аъзоси ҳам даромад солиғидан озод қилинади.

Дастурда иштирок этиш истагини билдирган тадбиркорларга қатор имтиёзлар, хусусан, солиққа тортиш бўйича ҳам тақдим этилади. Шундай қилиб, ишчиларининг камида 20 фоизи кам таъминланган оилалар фуқаролари бўлган корхоналар мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинади. Беш миллион сўмгача (438 доллар) иш ҳақи тўлаётган тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ ставкаси икки баробарга пасайтирилади. Шу билан бирга, бундай компанияларнинг ходимлари даромад солиғини тўлашдан озод қилинади.

Давлат томонидан дастур иштирокчилари учун бошқа имтиёзлар ҳам берилади:

👉 бундай тадбиркорлар фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмайди.

👉Уларга қўшилган қиймат солиғи ҳамда ортиқча тўланган солиқлар текширувсиз қайтариб берилади;

👉 Барча солиқлардан қарздорликни бир йилгача кечиктириб тўлаш имкони берилади;

👉 Божхона расмийлаштирувида “яшил йўлак” тартиби қўлланилади.

Бундан ташқари, тадбиркорларга инфратузилма, ер ва бинолардан фойдаланишда имтиёзлар берилади. Масалан, улар хусусийлаштирилган участкалар учун тўловларни бўлиб-бўлиб олишлари мумкин. Қиймати 50 миллиард сўмдан (4,4 миллион доллар) ортиқ бўлган лойиҳалар учун инфратузилма харажатлари тўлиқ давлат томонидан қопланади.

Қайд этилишича, янги тизим асосида биргина жорий йилнинг ўзида 550 минг кишини ўқитиш ва қашшоқликдан чиқариш режалаштирилган.

Малакали кадрлар тайёрлаш дастурини йўлга қўйиш зарурлиги ҳақида гапирар экан, президент сўнгги беш йилда республикада тадбиркорлик субъектлари сони 285 мингдан 590 мингтага кўпайгани борасида статистик маълумотларни келтирди. Демак, бир туманда ўртача 2,5 мингдан ортиқ, яъни бир маҳаллада 50 нафардан ортиқ тадбиркор бор.

«Бунинг бирдан-бир тўғри ечими – тадбиркорга шароит яратиб, улар билан манфаатли ҳамкорлик қилиш. Бу орқали ҳам бандликни таъминлаймиз, ҳам малакали мутахассис тайёрлаймиз», — деди Мирзиёев.

Ўзбекистон Президенти 10 май куни камбағалликни камайтириш ва аҳоли бандлигини ошириш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишган эди. Тадбирда Хитой тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон ҳар бир вилоятининг бир туманида камбағалликдан чиқариш дастури бошланиши маълум қилинди. Бу борада мутасадди идоралар томонидан йўл-транспорт, энергетика, алоқа ва туризм инфратузилмасини яхшилаш, кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш, маҳаллаларни саноатлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ