Атирау полицияси «Казинформ» мухбири машинасини ёқиб юборганликда гумонланган шахсни қўлга олди

Ўт қўйишда гумонланган шахс. Қозоғистон ИИВ матбуот хизмати фотосурати

Полиция Атирау вилояти уюшган жиноятчиликка қарши кураш департаменти ходимлари билан биргаликда «Казинформ» журналисти Виктор Сутягин автомобилига ўт қўйишда гумон қилинган шахсни қўлга олди, деб хабар беради Қозоғистон ИИВ матбуот хизмати ўзининг Телеграм-каналида.

Вазирлик ҳибсга олинган шахс ОАВ вакили машинасига нима сабабдан зарар етказганига аниқлик киритмаган ва ҳодисанинг бошқа тафсилотларини келтирмаган. Ички ишлар вазирлиги ушбу факт юзасидан тергов ҳаракатлари давом этаётганини қўшимча қилади.

Қизиғи шундаки, Ички ишлар вазирлиги ўт қўйган шахснинг ҳибсга олингани ҳақида расмий эълон қилиши арафасида олмаоталик терговчи журналист Михаил Козачков бир хабар берганди. Унинг маълумотларига кўра, гўё гумонланувчи шахс машиналарни алмаштириб қўйган, аслида у Сутягиндан эмас, балки бошқа бировдан ўч олмоқчи бўлганлигини айтган.

«Хатолик юз берди. Дарвоқе, у ёлғон гапирган бўлиши ҳам мумкин. <…> Умид қиламанки, журналистга етказилган зарар қопланади»,дея хулоса қилади Козачков.

«Казинформ» агентлигининг Атираудаги мухбири Виктор Сутягинга тегишли Lexus машинасини ўт қўйиш билан боғлиқ воқеа 11 майга ўтар кечаси содир бўлганди. Кузатув камералари эркакнинг машинага қандай яқинлашгани, капотда нимадир қилганини қайд этган, шундан кейин портлаш юз берган.

Жабрланувчи полицияга ариза билан мурожаат қилган, у Қозоғистон Жиноят кодексининг 202-моддаси («Ўзганинг мулкини қасддан йўқ қилиш ёки шикастлаш») 3-қисми бўйича ягона реестрда қайд этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ