Қирғизистон энергетиклари ГЭС ускуналари жиддий эскириб кетганини тан олишди

ТЎҚТЎҒУЛ ГЭСИ. KTRK.KG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Қирғизистон Энергетика вазирлиги бешта ГЭСдаги ускуналарнинг қай даражада эскириб кетганини ҳисоблаб чиқди. Маълум бўлишича, ўртача ҳисобда трансформаторлар 93 фоизга, гидроагрегатлар эса 79 фоизга эскирган, деб ёзади Economist.kg нашри вазирлик матбуот хизматига таянган ҳолда.

Мутахассисларнинг қайд этишича, 1975-76 йиллари қурилган Тўқтўғул ГЭСининг иккита гидроагрегати 97 фоизга эскирган. Тўғри, ўтган йили ишга туширилган янги агрегат бор. Бундан ташқари, бир неча йил аввал бу ерда эскиргани 2 фоиздан ошмаган трансформаторлар ўрнатилган.

Ускуналар 1990 йиллар бошида Шамалди-Сай ГЭСига ўрнатилган. Бугунги кунга келиб гидроагрегатлар 47 фоизга, трансформаторлар эса 41 фоизга эскирган.

1982-85 йиллари гидроэлектр блоклари қурилган Курпсай ГЭСида вазият бундан ҳам баттар. Улар 81 фоизга, трансформаторлар эса 72 фоизга эскириб улгурган.

Тахминан ўша йилларда ишга туширилган Тошкўмир гидроэлектр станциясининг агрегатлари 73 фоизга эскирган. Трансформаторлар яхши сақланиб қолинган, лекин улар дастлабки қувватининг ярмини йўқотди.

Учқўрғон ГЭСи антирейтингда етакчи ҳисобланади.

Унинг 20 аср 60-йилларида қурилган гидроагрегатлари, шунингдек 1985-87 йиллари ўрнатилган трансформаторлари 100 фоиз эскирган.

2023 йил 1 майдан бошлаб Қирғизистон аҳолиси учун электр энергияси нархи 23 тийинга ошиб, бир кВт/соат учун 1 сўмни (0,011 доллар) ташкил этди.

Ҳукумат тарифларни ўзгартириш «мамлакатнинг энергия хавфсизлигини, истеъмолнинг динамик ўсиши шароитида аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш» учун зарур бўлган мажбурий чора эканлигини таъкидлади.

Апрель ойида расмийлар амалдаги иссиқлик ва гидроэлектр станцияларини реконструкция қилиш ва модернизация қилиш ишларига қарамай, Қирғизистонда энергетика ускуналари эскириши 80 фоиздан ошганини маълум қилганди. Тарифларни ошириш натижасида олинган маблағ эса совет давридан эскирган энергетика ускуналарини модернизация қилишга йўналтирилади. Бундай чора электр иншоотларида юзага келиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисалар ва тизимдаги узилишларнинг олдини олади.

11 май куни «Миллий энергетика холдинги» бошқаруви раиси Таалайбек Байгазиев эндиликда электр энергияси тарифи йилига бир мартагина ўзгаришини айтиб, қирғиз халқини тинчлантирди.

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди