Қозоғистон Евроосиё минтақасида ҳавони карбонат ангидрид билан ифлослантириш бўйича етакчи деб тан олинди

naked-science.ru сайти фотосурати

Евроосиё минтақаси мамлакатлари орасида карбонат ангидрид чиқиндиларининг энг юқори кўрсаткичи Қозоғистонда қайд этилган, бу ҳақда Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) 2021 йил учун маълумотларни ўрганган таҳлилчилар ҳисоботида айтилади.

Мутахассислар Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари, шунингдек ташкилотга аъзо бўлмаган собиқ СССР республикалари – Ўзбекистон ва Тожикистондаги экологик вазиятни ўргандилар.

Умуман олганда, карбонат ангидрид чиқиндилари бўйича анти-рейтинг қуйидагича кўринади:

⚠️ Қозоғистон — бир кишига йилига 14,4 тонна;

⚠️ Россия — 12,1;

⚠️ Беларус — 6,2;

⚠️ Ўзбекистон — 3,6;

⚠️ Арманистон — 2,4;

⚠️ Қирғизистон — 1,4;

⚠️ Тожикистон — 1,1.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Қирғизистон ва Тожикистонда қайд этилган нисбатан паст кўрсаткичлар ушбу мамлакатларнинг энергетика соҳасида гидроэлектр станцияларининг юқори улуши билан боғлиқдир.

Евроосиё минтақасида атмосферага карбонат ангидрид гази чиқариш ҳажми ўртача бир киши бошига 9,9 тоннани ташкил этади, бу эса дунё бўйича ўртача 4,7 тоннна кўрсатгичидан деярли икки баравар кўпдир.

ЕОИИ ва Марказий Осиё мамлакатлари «яшил» энергетикани ривожлантиришга, экологик тоза технологиялардан фойдаланишга интилмоқда, бироқ экспертларнинг фикрича, бу жараён жиддий капитал қўйилмаларни талаб қилади.

«Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, углерод нейтраллигига эришиш (ишлаб чиқариш жараёнида карбонат ангидрид ва унинг ўхшашлари эмиссиясини камайтириш – «Фарғона» изоҳи) минтақанинг алоҳида мамлакатларида 10 миллиард доллардан 6,5 триллион долларгача ўзгариб туради»,дейилади ЕОТБ ҳисоботида.

Халқаро тараққиёт банклари «яшил» энергияга ўтишга фаол ҳисса қўшаётгани таъкидланади. Шундай қилиб, 2021 йили улар ҳисобидан иқлимни молиялаштириш ҳажми 81,7 миллиард долларга етган, унинг ярмидан кўпи паст ва ўрта даромадли мамлакатларга тўғри келади. Бироқ, масалан Марказий Осиё давлатлари ушбу ҳажмнинг атиги 4 фоизини ташкил қилади, дейди ҳисобот муаллифлари.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ