Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ХДП) ўз етакчиси Улуғбек Иноятовни Республика Президентлигига номзод сифатида кўрсатди. ЎзА хабарига кўра, бу ҳақда 12 май куни сиёсий бирлашманинг навбатдан ташқари пленумида маълум қилинган.
Улуғбек Иноятов 1962 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент политехника институтини (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) муҳандис мутахассислиги бўйича тамомлаган, кейинчалик Тошкент молия институти дипломини олган. Педагогика фанлари номзоди, профессор.
2003-2006 йиллари Ўзбекистон президентининг фан, таълим ва маданият масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури бош маслаҳатчиси бўлган.
2013 йил февралидан 2018 йилнинг июнига қадар республика Халқ таълими вазири лавозимида ишлаган. Ишдан бўшагач, Наманган давлат университети ректори лавозимида ишлаган.
2019 йилдан – ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси.
2018 йили Президент Шавкат Мирзиёев Халқ таълими вазирлиги раҳбариятида юз берган ўзгаришларни Иноятов «бир ярим йил ичида бирорта ҳам ташаббус илгари сурмагани» билан изоҳлаган эди. Бундан ташқари, давлат раҳбари амалдорни ишдан бўшатиш сабаблари орасида «мактаблардаги коррупция ва эскича қарашлар»ни ҳам тилга олганди.
2019 йили ЎзХДП етакчиси сифатида Иноятов ойига 2,5 миллион сўм (2019 йил ноябрь курси бўйича 260 доллар) маош оладиган тошкентлик беш кишилик оилани бемалол боқиши мумкинлигини айтган эди. Бу ибора ижтимоий тармоқларда қаттиқ танқидга учради, шундан сўнг партия раиси фақат озиқ-овқатни назарда тутганини тушунтиришга мажбур бўлганди.
Кеча, 11 май куни Ўзбекистон Экологик партияси Президентликка ўз номзодини эълон қилди. Бу партия раиси Абдушукур Ҳамзаев эди.
8 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев муддатидан илгари президентлик сайлови ўтказилишини эълон қилди ва шу куннинг ўзида сайловни 2023 йил 9 июлга тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
10 май куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси сайловолди ташвиқоти бошланганини эълон қилди ва номзодларни рўйхатга олиш ҳужжатлари 17 майдан 1 июнга қадар қабул қилинишини маълум қилди.
Қонунга кўра, Президентликка номзод кўрсатиш ҳуқуқига фақат сиёсий партиялар эга. Айни пайтда Ўзбекистонда бешта шундай сиёсий уюшма фаолият юритади.