Улфатхоним Мамадшоева тергов изоляторидан Тожикистондаги ягона аёллар колониясига ўтказилди

Улфатхоним Мамадшоева . Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат

2022 йил май ойида Тоғли Бадахшондаги намойишлар бўйича 21 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Улфатхоним Мамадшоева Нурек шаҳридаги аёллар колониясига ўтказилди. Бу ҳақда «Озоди» (Озодлик радиосининг тожик хизмати, РФда хорижий агент сифатида тан олинган) хабар берди.

Радиостанция хабарига кўра, Мамадшоева 6 май куни Нурек шаҳрига кўчирилган, бунгача у тергов изоляторида сақланаётган эди. Вазият билан таниш бўлган журналист суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, қариндошлари маҳбусни кўчиришдан олдин бир неча бор борган — у соғлиғидан шикоят қилмаган ва ҳукм устидан шикоят қилмоқчи эмаслигини айтган.

Ўз навбатида, Тожикистон расмийлари Мамадшоеванинг колонияга ўтказилишини «ҳукм қонуний кучга киргани» билан изоҳлаган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси 18 май куни, Тоғли Бадахшон мухтор вилояти (ТБМВ) маъмурий маркази Хоруғ шаҳрида ўтказилган норозилик намойишидан икки кун ўтиб ҳибсга олинган. Расмийлар фаолни митинг ташкилотчиларидан бири қаторига киритиб, уни ҳукуматни ағдаришга оммавий чақиришда айблаган. Мамадшоева айбловни абсурд деб атаган.

24 май куни «Тожикистон» давлат телеканали «Шикасти фитна» («Барбод бўлган фитна») ҳужжатли фильмини намойиш қилди, унда Мамадшоева ўз иқрорини ўқиб берган. Журналистга нисбатан Жиноят кодексининг саккизта моддаси билан иш қўзғатилган.

Ўтган йил декабрь ойида Мамадшоева 21 йилга озодликдан маҳрум этилгани маълум бўлган эди.

66 ёшли Улфатхоним Мамадшоева Тожикистонда таниқли мустақил журналист ва фуқаролик фаоли. Сўнгги йилларда у «Фарғона» ва бошқа оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиб, ижтимоий-сиёсий мавзуларда, шунингдек, Тоғли Бадахшон тарихи, маданияти ва таниқли шахслари ҳақида мақолалар ёзган.

ЯС 3/8 умумий режимли колония Тожикистондаги аёллар учун ягона жазони ижро этиш муассасасидир. У Душанбедан 70 километр жануби-шарқда жойлашган Нурек шаҳрида жойлашган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ