Хитой тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда биттадан туманни камбағалликдан чиқариш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади. Бу ҳақда 10 май куни Республика Президенти Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган камбағалликни қисқартириш ва бандликни ошириш чора-тадбирлари тақдимотида маълум қилинди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Аниқлик киритилишича, яқинда Ўзбекистон расмий делегацияси ХХР тажрибасини ўрганиш мақсадида ушбу мамлакатга ташриф буюрган ва муаммони ҳал қилишнинг янгича ёндашувлари билан танишган.
Маълумки, Ўзбекистон Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги фаолиятига Хитойдан мутахассислар жалб этилган. Бироқ, маҳаллий давлат хизматчиларига қанча хорижликлар ёрдам бериши ва улар бошқармада қандай лавозимларда ишлаши аниқ эмас.
«Хитой тажрибаси» ҳақида ҳам батафсил маълумот йўқ, унинг асосида пилот дастур амалга оширилади. Лекин маълум қилинишича, лойиҳани амалга ошириш жараёнида мутасадди идоралар томонидан йўл-транспорт, энергетика, алоқа ва туризм инфратузилмасини яхшилаш, кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражаси юқори бўлган ҳудудлардаги маҳаллаларни саноатлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Тақдимотда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш масаласи атрофлича муҳокама қилинди. Шу мақсадда:
✅ 15 триллион сўм (1,3 миллиард доллар) имтиёзли кредитлар ва субсидиялар ажратилди;
✅ қишлоқ хўжалиги учун 200 минг гектар ер ажратилди;
✅ 300 мингга яқин тадбиркорлик субъекти ташкил этилди;
✅ 20 мингта корхона фаолияти кенгайтирилди.
Давлат саъй-ҳаракатлари туфайли 2022 йили бир миллион киши камбағалликдан чиқарилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш, уларни янги иш ўринлари яратишга ундашда давом этади.
«Корхоналарда кўплаб «амалий мономарказ»лар ташкил қилинади. Давлат бунга зарур маблағлар ажратиш билан бирга, инфратузилма, кредит, солиқ ва бошқа масалалар бўйича енгилликлар беради. Тадбиркор эса камбағал аҳолини даромадли иш билан таъминлайди», — дейилади тақдимотда.
Жорий йилда оилавий тадбиркорликка 13 триллион сўм кредит ва 1,5 триллион сўм субсидиялар ажратилаяпти. Шунингдек, камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш бўйича 37 турдаги субсидиялар мавжуд. Лекин уларни ажратиш шартлари оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, лойиҳанинг ўзини ўзи оқлаш муддатидан қатъий назар, барча учун деярли бир хил. Шу боис кредит ва субсидияларни ҳар бир камбағал оилага алоҳида ёндашув асосида тақдим этиш таклифи билдирилди.
Мирзиёев жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистонда камбаҳалликка қарши курашга хитойлик мутахассислар жалб қилингани ҳақида гапирди. Шу билан бирга, президент республикада камбағалликни қисқартириш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини эслатиб, 2023 йили 5 миллион кишини иш билан таъминлаш, 2 миллион доимий иш ўрни яратиш зарурлигини таъкидлади.
ℹ️ 2022 йил январь ойидан бошлаб Ўзбекистонда камбағаллик чегараси ҳар бир киши учун ойига 498 минг сўм (46 доллар) ёки кунига 16,6 минг сўм (1,53 доллар) этиб белгиланди.