2026 йили Самарқанд шаҳрида 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси бўлиб ўтади. Тадбир учун 50 миллиард сўмгача (4,36 миллион доллар) маблағ ажратилади. Бу ҳақдаги қарорни 8 май куни республика президенти Шавкат Мирзиёев имзолади, деб хабар беради ЎзА.
Ҳужжатга кўра, Ташкилий қўмитанинг асосий вазифалари ФИДE раҳбарияти делегациясининг Тошкент ва Самарқандга ташрифларига тайёргарлик кўриш, шунингдек бош режани тайёрлаш, харажатлар сметасини тасдиқлаш ва бу борадаги жараёнларга жалб қилинган вазирлик ва идораларнинг ишларини мувофиқлаштиришдан иборат бўлади.
Смета асосида Иқтисодиёт ва Молия вазирлигига Давлат бюджети параметрларида 50 миллиард сўмгача бўлган маблағни, шу жумладан Олимпиада ўтказиш учун ФИДEга кафолатланган маблағларни ўтказиш, маҳаллий шахматчилар ва мураббийларни тайёрлаш, суперкомпьютер дастурларини ижарага олиш ва ўқув адабиётларини ишлаб чиқариш ишлари топширилди.
Шунингдек, қуйидаги ишлар режалаштирилган:
♟ учта эркаклар ва учта аёллар терма жамоаларини шакллантириш;
♟ «Шахмат болалар боғчасидан бошланади» махсус дастурини ташкил этиш ва амалга ошириш;
♟ ҳар йили «Шахмат фестивали»ни ўтказиш;
♟ барча таълим муассасаларида, шунингдек, ҳарбий хизматчилар ўртасида шахмат бўйича мусобақаларни мунтазам ўтказиш;
♟ 2024 йил январь ойидан бошлаб «Шахмат стипендияси»ни таъсис этиш.
Бундан ташқари, 2024 йил 1 январдан бошлаб хусусий шахмат клубларига тўгараклар ташкил этиш учун ижара тўловисиз бинолар ажратиш таклиф қилинмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда шахматни оммавийлаштириш ишлари олиб борилмоқда. 2021 йил январь ойида Республикада ушбу спорт турини 2025 йилгача ривожлантириш Давлат дастури тасдиқланди. Унинг доирасида барча мактабларда иккинчи синфдан то тўртинчи синфгача шахмат ўқитишни жорий этиш режалаштирилган. Ҳар йили мактабларда «Шахмат ойлиги», таълим муассасалари ўртасида «Шоҳруҳ» жамоавий турнири, «Жисмоний тарбия» фани доирасида ўқувчилар ва ўқитувчилар ўртасида республика биринчилиги ўтказилиши режалаштирилган. Июнь-август ойларида маҳаллаларда болалар ўртасида шахмат бўйича «Маҳалла кубоги», май-июль ойларида маҳаллалардаги оилалар ўртасида «Шахматчи оила» турнири ўтказилиши кўзда тутилган.